Мажбурий ижро бюросининг Дўстлик туман бўлими иш юритувида Дўстлик туманлараро иқтисодий судининг 21.06.2019 йилдаги қарздор “Дўстлик пахта тозалаш” АЖдан ундирувчи “Жиззах автотранс сервис” МЧЖ фойдасига жами 69 млн. 306 минг 567 сўм ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати мавжуд.
Қарздор “Дўстлик пахта тозалаш” АЖнинг мол-мулкларини аниқлаш мақсадида тегишли идора ва ташкилотларга сўровномалар юборилиб, жамиятнинг банкдаги барча ҳисоб рақамларига банд солинган ҳамда инкасса топшириқномаси қўйилган.
Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида “Дўстлик пахта тозалаш” АЖ ҳисобидан жами 30 млн. 667 минг 912 сўм пул маблағлари ундирилиб, ундирувчи “Жиззах автотранс сервис” МЧЖнинг тегишли банк ҳисоб рақамига ўтказиб берилиши таъминланган. Бу ҳақда МИБ ахборот хизмати Даракчига маълум қилди.
Қарздорнинг бюджет олдидаги қарздорликларини ундириш ҳақидаги ижро ишлари бўлим иш юритувига мунтазам равишда келиб тушаётганлиги, қарздордан ундирилган пул маблағлари унинг бюджет олдидаги қарздорлигига йўналтирилиб келинаётганлиги сабабли, “Жиззах автотранс сервис” МЧЖ фойдасига қарздорликни ўз вақтида ундириш имкони бўлмаган.
Давлат ижрочисининг сайъи ҳаракатлари натижасида қарздор “Дўстлик пахта тозалаш” АЖдан 30.04.2020 йилда қолган 38 млн. 638 минг 655 сўм пул маблағлари ундирилиб, ундирувчининг тегишли банк ҳисоб рақамига ўтказиб берилиши таъминланди ва мазкур ижро иши иш юритишдан тамомланди.






