АсосийЖАМИЯТ

Синов инсонни тоблайди...

Яратган Рамазон кунлари халқимизни кетма-кет синовдан ўтказмоқда. Коронавирус пандемияси,...

'Синов инсонни тоблайди...'ning rasmi

Яратган Рамазон кунлари халқимизни кетма-кет синовдан ўтказмоқда. Коронавирус пандемияси, Бухородаги кучли шамол ва Сардоба сув омборидан сувнинг сизиб чиқиши... Албатта, бунда ҳам бир хайр бор. Аллоҳ бежиз бандасини синамайди. Албатта, ажрини ҳам беради. 

Кеча эрталабдан Сирдарё вилоятининг Сардоба сув омборидан сизиб чиққан сув аҳоли пунктларига кирганлиги тўғрисида хабарлар тарқалган эди. Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев шу куннинг ўзидаёқ воқеа жойига етиб бориб, вазият билан танишди ва аҳолини саросимага тушмасликка, вазият тезда ижобий томонга ўзгаришига, бунинг учун бизда барча куч ва имкониятлар борлигига ишонтирди. Дарҳақиқат, шундай бўлди, аҳвол яхши томонга ўзгармоқда. 

“Қўшнинг тинч, сен тинч” деган халқ мақоли бежиз айтилмаган. Тошкент вилояти биринчилардан бўлиб Сирдарёга ёрдам қўлини чўзди. Янгийўл, Чиноз ва бошқа туманлардан бир неча автомобилларда озиқ-овқат маҳсулотлари беғараз ёрдам сифатида жўнатилди. Сувни тўсишда фойдаланиш учун катта ҳажмда юк ташийдиган автомобиллар, бетон тўсиқлар ҳам юборилди. 

Инсон борки, ҳаётда дўстлари, танишлари ва қўни-қўшниларига суяниб яшайди. Айниқса, бу оғир кунларда билинади. Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни яхши, деган мақол бор халқимизда. Чунки узоқдан қариндош етиб келгунча қўшни дарҳол ёрдамга чиқади. 

Кеча сирдарёлик 600 нафардан зиёд фуқаро шошиб қолганидан, ваҳимага тушиб Тошкент вилоятига ўтган. Чиноз, Бўка, Оққўрғон, Бекобод туманлари ва Бекобод шаҳар ҳокимлари ҳамда сектор раҳбарлари меҳмонларни очиқ юз билан кутиб олишди. Сирдарёликлар учун барча шарт-шароит яратиб берилди. Яшаш жойи, иссиқ овқат, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди. Шифокорлар меҳмонларга зарур тиббий ёрдамни ҳам кўрсатиб, уларнинг саломатлигини назоратга олишди. 

Бугун Сирдарёдан ташриф буюрганларнинг айримлари вазият яхши томонга ўзгараётганини қўриб, вилоятига қайтиш тараддудини кўришмоқда.

                                                                       Қобулов Беҳзод Тошкент вилояти ҳокимининг ахборот сиёсати масалалари бўйича                                                                                                                                                                           маслаҳатчиси – матбуот котиби

    Бошқа янгиликлар