АсосийЖАМИЯТ

Сирдарё вилоятига зарур дори-дармонлар етказилди. 200дан зиёд тиббиёт ходимлари ҳам жўнаб кетди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Сардоба сув омборидан сув сизиб чиқиши натижасида руй...

'Сирдарё вилоятига зарур дори-дармонлар етказилди. 200дан зиёд тиббиёт ходимлари ҳам жўнаб кетди'ning rasmi

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Сардоба сув омборидан сув сизиб чиқиши натижасида руй берган офат оқибатларини бартараф этиш ишларига кўмаклашиш мақсадида тезкор равишда тиббиёт ходимларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилди. Вазирлик томонидан аҳолига тиббий ёрдам бериш ва ушбу худудда турли инфекциялар тарқалмаслиги учун қатъий эҳтиёт чораларини кўриш ҳамда эпидемик вазиятни тўлиқ назоратга олишнинг аниқ режаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Айни пайтда вилоятда вазирлик раҳбарияти бошчилигида реаниматолог, кардиолог, терапевт, невропатолог, эндокринолог, травматолог, инфекционист, эпидемиолог каби қатор мутахассислардан иборат штаб тузилди. Мамлакатимизда фаолият кўрсатувчи 200 нафардан зиёд малакали тиббиёт ходимлари талофат кўрганларга тиббий хизмат кўрсатиш учун қўшимча куч сифатида сафарбар этилди.

Бундан ташқари, вазирлик томонидан Сирдарё вилоятига 50 турдаги энг зарур дори-дармонлар, портатив УТТ, кардиомонитор, пульсоксиметр, пирометр каби кўплаб турдаги тиббий жиҳозлар, 700 минг дона шахсий ҳимоя ва гигиена ҳамда дезинфекция воситалари ҳам юборилди.

Ушбу келтирилган тиббий жиҳозлар, дори-дармон ва шахсий ҳимоя воситалари туман тиббиёт бирлашмаси, тез тиббий ёрдам станциялари билан бир қаторда офатдан жабрланганлар ва эвакуация қилинган аҳолига етказиб берилди.

    Бошқа янгиликлар