Кўпни кўрган кексаларимиз дуо қилишганида доим “Ўт балоси, сув балоси, туҳмат балосидан ўзинг асра, Парвардигор” дея қўшиб қўйишади.Жорий йилнинг 1 май куни рўй берган офат натижасида уй-жойларидан кўчирма бўлган Сардоба, Оқолтин ҳамда Мирзаободлик ҳамюртларимизга шу кунларда бутун республика ёрдам қўлини чўзмоқда. Ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳам Сирдарё вилоят юридик коллежида жойлаштирилган 500 нафар оқолтинлик фуқароларга ўз гуманитар юк ортилган карвонини юборди. Адлия вазири Русланбек Давлетов сув тошқинидан жабр кўрган аҳоли билан суҳбатлашди.
Адлия вазири ташрифидан сўнг бу ерда офатдан жабрланган учун юридик университет профессор-ўқитувчилари, Сирдарё вилоят адлия бошқармаси масъул ходимлари ҳамда Давлат хизматлари агентлиги Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси мутахассислари томонидан ҳуқуқий маслаҳат бурчаги ташкил этилди. Бу ерда фуқароларга уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари борасида тўлиқ маълумотлар берилмоқда.
- Халқимизга, давлатимиз раҳбари ва ҳокимимизга, бизга ёрдам чўлини чўзган барчага ўз миннатдорчилигимизни билдираман, - дейди Сардоба шаҳарчасилик Нурпошша Жўраева. – Бу ерга келганимиздан буён ёлғиз қўйишмаяпти, ташвишимизни ўз ташвиши деб қабул қилишяпти. Яхшиликларингизни яхши кунларда қайтриш насиб этсин дея дуодамиз.
Бугун илк бора коллежда вақтинча истиқомат қилаётган юртдошларимизнинг кайфиятини кўтариш мақсадида Сирдарё вилоят давлат филармонияси ўз хонандалари билан ташриф буюришди. Илк бора юртдошларимиз юзига табассум югурди.

Эътироф этмасак бўлмас, сув тошқини рўй бериб, одамлар бу ерга кўчириб келтирилган кундан бошлаб бу ерга бутун мамлакатдан гуманитар ёрдам пешма пеш келиб турибди. Адлия бошқармаси жамоаси ҳам топган-тутганини, кийим-кечак озиқ-овқат келтирмоқда. “Халқ бир бурдадан берса тўйдиради...”нақли айнан бугун ўз исботини топди.






