Сирдарё вилоятининг сув босган ҳудудларида фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича тадбирлар жадаллаштирилмоқда. Хусусан, ушбу ҳудуддаги қабристонлар, канализация тизимлари, сув тозалаш иншоотлари чуқур ўрганилмоқда. Шу билан бир қаторда мазкур объектларда дезинфекция ишлари амалга оширилмоқда.
Эътиборлиси шундаки, санитария-эпидемиология ҳамда фаровонликни таъминлаш мақсадида, аллақачон қуриган турар жойларда дезинфекция ишлари бошлаб юборилган. Айни вақтда Оқолтин туманидаги «Аҳиллик» қишлоғи, ўша вилоятнинг «Қўрғонтепа» ва «Сардоба» қишлоқлари ва Мирзаобод туманидаги “Балиқчилик қишлоғи” қайта ишланишини таъкидлаш жоиз. Юқоридагиларга қўшимча сифатида зарарланган ҳудудларда тўпланган 70 та уй ҳайвонларининг санитария қоидаларига мувофиқ кўмилганини қайд этиш зарур. Шу қаторда, ёнғин ўчириш машиналари ва мотопопмалар билан тошқин сувларини тортиб олиш ишлари давом этмоқда.
Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа вазирликлари ва Миллий гвардия ходимлари ҳудудларни тўпланган қолдиқлардан тозалаш тадбирларини олиб бормоқдалар. Бундан ташқари, мутасадди хизматлар томонидан эвакуация қилинган жойларда аҳоли ўртасида ёнғинлар ва бошқа тусдаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича профилактик тадбирлар ташкиллаштирилмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, тошқиндан кейинги дастлабки соатларда, 1 майдан бошлаб, Фавқулодда вазиятлар вазирлигида «1205» тезкор алоқа рақамининг фаолияти йўлга қўйилган эди. Айни вақтгача ишонч телефонига 5 609 қўнғироқ келиб тушган. Шулардан 4861 нафар фуқаро фавқулодда вазият оқибатлари бўйича маълумотлар сўраб, мурожаат этган. Шунингдек, уларнинг 287 нафари озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар масаласида ёрдам сўраган. Эътиборлиси, мурожаатчилардан 199 нафари кўнгилли қутқарувчи сифатида фавқулодда вазият ўчоғига бориш истагини маълум қилган.Яна бир бор эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳар куни Сирдарё вилоятининг зарар кўрган ҳудудларига ташриф буюриб келмоқда ва сув тошқини оқибатларини бартараф этишни шахсан назоратга олган ҳолда, ҳукумат комиссияси аъзоларига барча муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш бўйича янги вазифаларни юкламоқда.






