Инсонга ҳар куни тинчлик-осойишталик ва хотиржамлик керак. Тинчлигини йўқотган хонадон ҳам, мамлакат ҳам асло хотиржам бўла олмайди. Тинчлик-хотиржамлик – тараққиёт гаровидир.
Биз азал-азалдан тинчликсевар халқмиз. Айнан шу ғоя тарғибига бағишланган буюк миллий маънавий меросимиз бор. Уларнинг барида тинчликнинг қадрига етиш тарғиб этилади, уруш эса батамом қораланади.
9 майни Хотира ва Қадрлаш куни тарзида умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келаётганимиз замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад ётибди.
Ҳамон орамизда қанчадан-қанча уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат-машаққат чекканлар бор. Ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларнинг эса қадрига етиш керак.
Мустақил Ўзбекистон халқи ва давлати аввал-бошдан тинчлик-тотувлик тарафдори сифатида майдонга чиқди.
Ана шу асосларга кўра, мустақиллик йилларида ҳам бизда 9 май умумхалқ байрами сифатида, 1999 йилдан бошлаб эса Хотира ва Қадрлаш куни сифатида нишонлаймиз.
Фашизм устидан қозонилган ғалабада халқимизнинг ҳам мардонавор ва салмоқли ҳиссаси унутилмас ҳақиқатдир.
9 май – Хотира ва Қадрлаш куни Иккинчи жаҳон урушининг аянчли оқибатларини унутмасликка, тинчлик ва осуда ҳаётнинг қадрига етишга, Ватанга садоқат ҳисси билан яшашга, шунингдек, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлишга, тарихий хотирага садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилиб келмоқда.
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига давлатимиз томонидан мукофотлар топшириш, моддий ва маънавий рағбатлантириш қутлуғ анъанага айланди. Иккинчи жаҳон уруши ва фронт ортида меҳнат қилган фахрийларга, хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда.
Мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш куни ўтказилиши, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафларимизда туриб, Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги нишонланиши муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 30 мартдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармонига асосан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг 10 000 000 (ўн миллион) сўм миқдорида бир йўла пул мукофоти билан тақдирланганлари ҳам эзгулик ва инсонийликка йўғрилган ғамхўрликнинг яққол тасдиғидир.

Зеро, бугун муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ёши улуғ ҳамюртларимиз, уруш ва меҳнат фахрийларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, эъзозлаш, ижтимоий ҳимоялаш, улар учун муносиб турмуш шароитини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда кўплаб сиҳатгоҳлар, шифохоналар барпо этилаяпти, мавжудлари капитал реконструкция қилиниб, таъмирланаётир. Тиббиёт масканлари, поликлиникалар, Саховат ва Мурувват уйларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни зарур жиҳозлар ҳамда ускуналар, тиббий воситалар билан таъминлашга доир кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу сингари эзгу юмушлар букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, ўз ҳаётини азиз Ватанимизнинг ҳар томонлама равнақ топиши, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, ишларини давом эттириш, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш — одамийликнинг энг олий мезони ва бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг ва олижаноб халқимизга хос азалий қадриятдир.
Ёши улуғ ҳамюртларимиз жамиятимизда тинчлик-тотувлик, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват муҳитини мустаҳкамлаш, маҳаллалар фаолиятини янада ривожлантириш, ёшлар онги ҳамда қалбида ватанпарварлик, фидойилик туйғуларини мустаҳкам қарор топтиришда фаол иштирок этмоқда. Нуроний отахон ва онахонларимизнинг ибратли ҳаёт йўли, турли жабҳалардаги фидокорона фаолияти ёш авлодни она-Ватанга муҳаббат, миллий истиқлол ғояларига садоқат, умрбоқий анъана ҳамда қадриятларимизга ҳурмат ва эҳтиром руҳида тарбиялашда катта аҳамиятга эга бўлмоқда.
Мухтасар қилиб айтганда, аждодлар руҳига ҳурмат халқимизнинг энг олий фазилатларидан биридир. Хотира – муқаддас ва азиз туйғу. Хотирлаш бу ҳар бир инсоннинг яқинларини қадрлаш, бу оламдан ўтиб кетган инсонларни эслаш ва уларнинг хаққига дуо қилишдир. Халқимизда “Қадр этган қадр топади”, деган нақл бор. Ҳақиқатдан ҳам, инсон ўзгаларга самимиятда бўлиб, ҳурмат-эҳтиром кўрсатса, ўзи ҳам атрофдагиларнинг шундай муносабатига сазовор бўлади. Ватан равнақи, халқ осойишталиги учун хизмат қилган эл фидойилари эса эзгу амаллари сабаб умрбод кишилар ёдидан ўчмайдилар. Номлари ҳамиша эъзоз билан тилга олиниб, хотиралари мангуликка муҳрланади.
– Фашизм устидан қозонилган ғалабага ўз ҳиссасини қўшган “Уруш ва меҳнат фахрийлари”ни, Ватанимиз мустақиллиги учун жонини, куч-қувватини аямаган ҳар бир аждодларимиз хотирасини абадийлаштирилиши, уларга муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш биз авлодлар учун ҳам қарз, ҳам фарз ҳисобланади дейди – 3-босқич курсанти Жамшид Пўлатов – Халқимиз ичига кириб бораётган ҳамда амалда кўрсатилаётган саҳоватга йўғрилган мурувватлар, биз ёшларга дастуруламал бўлиб хизмат қилади ва албатта биз ҳам аждодларимизни жасоратларини чуқур англаган ҳолда келажакда уларга муносиб авлодлар бўлишга интиламиз.
ЎзР ФВВ Академияси ўқитувчиси, капитан ФАРҲОДЖОН ХОЖАЕВ
3-босқич курсанти КОЗИМЖОН НЕЪМАТЖОНОВ






