Шу йилнинг 1 май тонгини кутиб олиш нафақат сирдарёликлар, балки бутун Ўзбекистон халқи учун оғир бўлди. Вилоятдаги Сардоба сув омбори тўғонининг бир қисми ўпирилиб, сув оқими аҳоли яшаш пунктлари, коммуникация тармоқлари ва қишлоқ хўжалиги майдонларига катта зарар етказди. Вилоятнинг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги 22 та қишлоқдан жами 60 мингдан зиёд аҳоли хавфсиз жойларга эвакуация қилинди...
Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти вакили Исломжон ҚЎЧҚОРОВ сўзларига кўра, Мудофаа вазирлиги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги ҳарбий учувчилари вертолётлар билан сув омбори тўғони ёрилиб кетган ҳудудга биринчилардан бўлиб етиб бориб, ўз хизмат вазифасига киришган.
H215M Super Puma ва H125M Fennec вертолётлари учувчиларининг профессионаллиги боис уйлар томи ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудларда қолиб кетган 300 дан ортиқ одамни эвакуация қилишга муваффақ бўлинди. Ҳарбий экипаж дарахтлар ва электр симлари борлигига қарамасдан тунги вақтда ҳам ерга жуда яқин баландликларда парвозларни амалга оширган.
Етиб бориш қийин бўлган жойларда разветка-қидирув ишларини амалга ошириш бир лаҳза бўлса-да, тўхтаб қолгани йўқ. Қутқарилган фуқаролар зудлик билан ҳудудда ташкил этилган Мудофаа вазирлигининг ҳарбий мобиль тиббий марказига олиб келиниб, уларга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган.

Ҳозирда шу пайтга қадар жанговар қурол тутиб келган 11 мингга яқин ҳарбий хизматчи хўжалик асбобларини вақтинчалик “қурол”га айлантиришди. Улар қидирув-қутқарув, сув тошқинидан талафот кўрган ҳудудларни тозалаш, зарар кўрган хонадонларни таъмирлаш, маҳалла кўчалари ва ҳовлиларда тўпланиб қолган сувларни махсус техникалар ёрдамида чиқариб ташлаш ишлари билан шуғулланмоқда.
Мудофаа вазирлиги Радиацион кимёвий, биологик муҳофаза бўлинмалари тошқиндан кейин тозаланган ҳудудларни дезинфекция қилиш ишлари билан банд. Кўп зарар кўрмаган маҳаллаларга қайтарилаётган хонадон соҳибларига ўз уйлари айнан дезинфекция қилинган ҳолда топшириляпти.
Шунингдек, Ватан ҳимоячилари юзага келган табиий офат оқибатида эвакуация қилинган аҳоли билан ижтимоий-психологик тадбирларни амалга оширишда ҳам фаол иштирок этмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Сардобадаги ҳолатни бартараф этишда Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари улкан жасорат кўрсатиб, ҳақиқий ватанпарвар эканликларини яна бир бор намоён этмоқда.






