"Сардоба" сув омборидаги авария оқибатларини бартараф этиш учун Сирдарё вилояти маҳаллий бюджетига дастлабки маблағ, яъни 100 миллиард сўм ажратилди, деб ёзади ЎзА.
Қайд этилишича, Президент кўрсатмалари асосида сув тошқинидан талофат кўрган ҳудудларни тартибга келтириш мақсадида айни пайтда вилоятда 1 минг 200 дан ортиқ махсус-муҳандислик техникалари ишлатилиб, 80 дан ортиқ ёнғин ўчириш машиналари, 100 дан ортиқ мотопомпалар билан тошқиндан қолган кўлмак сув тортиб олинмоқда.
Шу кунга келиб, сув босган ҳудуднинг катта қисмида сув сезиларли даражада камайди. Хавфсиз ва яшаш учун тўлиқ шароит мавжуд деб топилган аҳоли пунктларга фуқаролар қайтарилмоқда.
“Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан электр таъминотида вужудга келган узилишлар, турли даражадаги техник авариявий ҳолатларни қайта тиклаш мақсадида туну кун иш олиб борилди. Ушбу машаққатлар самарасида бугун эвакуациядан қайтган Оқолтин туманидаги Саховат, Алишер Навоий номли, Аҳиллик, Шодлик маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 1 минг 531 хонадонда, Мирзаобод туманининг Дўнгариқ маҳалласида 120 дан ортиқ истеъмолчилар хонадонида электр чироқлари яна қайта нур соча бошлади.
Республика Автомобиль йўллари қўмитаси вакилининг сўзларига кўра, сув тошқини оқибатида Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманлари ҳудудидаги жами 91 километрлик халқаро, вилоятлараро ва туманлараро автомобиль йўллари фойдаланишга яроқсиз ҳолга келиб қолган. Тошкент – Термиз йўналишидаги Оқолтин Мирзаобод туманлари ҳудудидаги 23 километр масофаси фойдаланишга яроқсиз аҳволда. Тиклаш, таъмирлаш ва қурилиш ишларига 1 минг 500 нафар йўлсоз, муҳандис, қурувчи, ишчи ва хизматчилар, 300 дан ортиқ махсус йўл таъмирлаш техникалари жалб этилган.
Хабар берилишича, “Сардоба” сув омбори тўғони ўпирилиши оқибатида сув босган Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида 2020−2021 йиллар давомида 50 та кўп қаватли уй-жойлар қурилиши режалаштирилган.







