Инсоният тарихидаги энг даҳшатли, қонли уруш, дея эътироф этилган Иккинчи жаҳон урушида Қорақалпоғистондан 50 мингдан ортиқ ватандошларимиз фронтга кетган. 34 мингдан зиёди жанг майдонларида мардларча ҳалок бўлган ва бедарак йўқолган. 20 мингдан зиёд қорақалпоғистонликлар фронт ортида турли саноат муассасалари ва колхозларда жонбозлик кўрсатиб, фронтдаги жангчиларга озиқ-овқат ва кийим-кечак маҳсулотларини етказишган. Бу ҳақда Darakchi.uz га Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.
Қорақалпоғистон меҳнаткашларининг улкан бағрикенглик намунаси сифатида фронтдагиларнинг оилаларига ва эвакуация қилинган етим болаларга, урушда ногирон бўлиб қолганларга ўз ҳисобидан 586 минг манат пул, 6 945 нафар бош қора мол ва қўй-эчки, 124 тонна ғалла, 384 685 кг полиз ва хўл мева махсулотлари, 22 514 кубометр ёғоч-ўтин, 3 637 метр газлама, 25 800 дона устки ва оёқ кийим юборганини эътироф этиш жоиз.
Фронтга ёрдам беришда халқимизни ишлаб чиқариш соҳасидаги ҳамда пахта далаларидаги машаққатли меҳнатларга жалб этиш бир неча ҳисса ортган эди. Урушга жалб қилинган эркакларнинг ўрнини эгаллаган ота-оналар, аёллар, вояга етмаганлар, ногиронлар армияни озиқ-овқат, кийим-кечак билан таъминлаб, фронт ортида фидокорона меҳнат қилишди.
Ана шундай фидойи иносонлардан бири Нукус туманида истиқомат қилаётган фронт орти меҳнат фахрийси, 93 ёшли Жумагул ая Бойниязова бўлади. Жумагул ая уруш йиллари минглаб юртдошларимиз каби фронт ортида меҳнат қилиб, аскарлар учун 10 мингдан зиёд иссиқ қўлқоп тикиб берган. Аммо онахоннинг фронтга хизмати фақат тикувчилик цехидаги иш билан чекланмади. Фахрий онахон колхозда пахта етиштиришда ҳам жонбозлик кўрсатган.
Жумагул аянинг турмуш ўртоғи, раҳматлик Рейим Юсупов ҳам Иккинчи жаҳон урушида қатнашган эди. Фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини у киши кўрмасалар ҳам, турмуш ўроғига кўрсатилаётган эътибор, ғамҳўрликдан руҳлари шод бўлиши аниқ.
9 май – Хотира ва қадрлаш куни байрами арафасида онахонни йўқлаш учун келган Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирининг ҳарбий хизматчилари ва фаоллари Жумагул аянинг кўнглини тоғдек баланд қилди. Онахон дуога қўл очиб, “биз кўрган қийинчиликларни сизлар ҳеч қачон кўрманглар. Юртимизга кўз тегмасин” дея насиҳат берди.
Ҳарбий тиббиёт мутахассислари томонидан онахоннинг соғлиги текширилиб, унга ва оила аъзоларига шахсий ҳимоя воситалари, совға-саломлар улашилди.
Байрам муносабати билан ҳарбий хизматчилар Нукус туманидаги Ўрнак овулида истиқомат қилаётган II гуруҳ ногирони Курол Бердиевнинг ҳам ҳолидан хабар олишди. Хайрия сифатида меҳмонлар бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда шахсий гигиенани таъминлаб турувчи воситалар беришди.






