Вилоят ҳокими ташаббуси билан амалга оширилаётган мазкур лойиҳага кўра, вилоятдаги барча ташкилот ва корхоналар раҳбарлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари кун давомида бир ҳудудда бўлиб, бу ерда ўз йўналишлари ва соҳалари бўйича ислоҳотлар натижадорлигини, мавжуд муаммоларни, истиқболли лойиҳалар ва уларни ҳаётга татбиқ этишга тўсқинлик қилаётган омилларни синчиклаб ўрганишди. Бу ҳақда вилоят ҳакимлиги хабар берди.
"Ўрганиш жараёнида бу ҳудуд қулай географик жойлашуви, табиий иқлим шароити, ерларининг унумдорлиги билан алоҳида ажралиб турса-да, меҳнат қилиб, фойда олиш даражаси пассив эканлиги аниқланди.
Вилоят ҳокими кўздан кечирган ўндан ортиқ объектларнинг ўзиёқ бунга яққол гувоҳлик бериб турибди. Ўрганилган барча объектлар эгаларининг хатти-ҳаракатларидан улар даромад эмас, харидор илинжида пайт пойлаётганга ўхшайди.
Масалан, Шаматон маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган мана бу молхона бинолари кўп йиллар илгари хусусийлаштирилган. Бироқ тадбиркор бинони арзимаган пулга сотиб олишга олгану ўз ҳолига ташлаб қўйган. Натижада биноларнинг аҳволи абгор. Унга қарашли қарийб 5 гектар ер майдонининг эса ҳолига маймунлар йиғлайди. “Мевазор” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган эски молхона биносида ҳам, унга қарашли ерларда ҳам худди шу манзара. Хароба, вайрона. 100 тонналаб маҳсулот етиштириш мумкин бўлган шунча ернинг увол-савоби учун ким жавоб беради? Ҳуқуқини билмайдиган фермерми ёки ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир бўладиганларми? Шуни айтмайдиларми, ҳақиқий хўжасизлик деб.
Вилоят ҳокими “Мевазор” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисининг томорқадан фойдаланиш даражасини ўрганди. Аммо, ҳолат тасвирдагидек ачинарли.
Хўш, бундай ҳолатни маҳалла раиси, сектор раҳбари (сектор раҳбари - туман ҳокими) кўрмаганми? Аҳолини томорқа ерларидан самарасиз фойдаланиш қандай оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирмаганми?
Президентимиз "Бугунги синовли кунларда бизни фақат ер боқади, ер бой қилади", дея барчани меҳнат қилишга, бу орқали ҳам даромад олишга, ҳам соғлом ҳаёт тарзига ундаётган бир пайтда, бу каби ҳолатлар кўнгилни хира қилиши тайин" деб ёзилади хабарда.






