Ижтимоий тармоқларда барча пенсия олувчиларининг HUMO карталарига ўтказилиши тўғрисидаги хабарлар фаол тарқалмоқда. Аммо айтиш жоизки, қай турдаги картани чиқариш ва уни кимга беришга оид қарорлар банк фаолияти доирасида қабул қилинади. МБПМ карталарни фақатгина банк томонидан берилган буюртмадаги миқдорга асосланиб чиқаради. Бу ҳақда Darakchi.uz га “Миллий банклараро процессинг маркази” хабар берди.
Бугунги кунгача, Халқ банки маълумотига кўра, пенсия олувчилар учун жами 1 228 000 (бир миллион икки юз йигирма саккиз минг) карта чиқарилган, улардан фақат 391 000 таси, яъни 32%и HUMO карталаридир.
7 ва 8 май кунлари, соат 11:00 дан 13:00 оралиғида POS терминаллари орқали тўловларни амалга оширишда қийинчиликлар кузатилди. Бунга - пул маблағларини пенсия карталарига ўтказиш операцияларининг шиддатли равишда ўсиши, шунингдек банк кассалари ва банкоматлари орқали пул маблағларини нақдлаштириш хизматларига талабнинг юқорилиги сабаб бўлди.
Буларнинг барчаси кескин ва қисқа муддатли носозликларга, яъни натижасиз банк операциялари сонининг ўсишига сабаб бўлди. Аммо бу вазият банкоматлар ёки электрон тўлов тизимилари фаолиятига таъсир кўрсатмади.
Айни дамда, процессинг маркази қувватларини кенгайтириш ва дастурий таъминотни яхшилаш бўйича узлуксиз иш олиб борилмоқда.
Карта эгалари учун кўшимча қулайликлар яратиш учун МБПМ Халқ банки билан ҳамкорликда пенсия олувчи мижозларга хизмат кўрсатиш бўйича ишлар янада такомиллаштирилмоқда: банкоматлар ҳудудий қайта ўрнатилмоқда, қўшимча кассалар очилмоқда.
“Карта эгаларига юзага келган вазият учун узрларимизни билдирамиз. HUMO – нисбатан янги тизим, уни такомиллаштириш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Биз бор кучимиз билан мижозларимиз ишончини оқлашга ва бу тизимни имкон қадар қулай ва ишончли қилишга ҳаракат қилаяпмиз”, - дея таъкидлади, “Миллий банклараро процессинг маркази” МЧЖ директори Шуҳратбек Қурбонов.






