АсосийЖАМИЯТ

Хоразмлик уруш қатнашчиларига медаль ва эсдалик совғалари топширилди

Иккинчи жаҳон урушида 67 мингдан зиёд хоразмлик қатнашган. Уларнинг қарийб ярми жангда ҳал...

'Хоразмлик уруш қатнашчиларига медаль ва эсдалик совғалари топширилди'ning rasmi

Иккинчи жаҳон урушида 67 мингдан зиёд хоразмлик қатнашган. Уларнинг қарийб ярми жангда ҳалок бўлди, минглаб норғул йигитлар ногирон бўлиб қайтди, 7 мингдан зиёдининг тақдири номаълумлигича қолмоқда. Жанг майдонларида кўрсатган жасорати учун 3 мингга яқин Хоразм ўғлони орден ва медаллар билан мукофотланган.

Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг ўринбосари Нуриддин Қодиров ҳамда кенг жамоатчилик Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Хоразм вилоятида истиқомат қилувчи бир гуруҳ Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг хонадонида бўлиб, байрам совғаларини топширди.

Меҳмонлар уруш фахрийсини 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги билан табриклашди. Уларга сиҳат-саломатлик тилаб, бугунги осойишта кунларимиз учун ўша урушда душман билан мардонавор курашгани учун миннатдорлигини изҳор этишди.

Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг шу йил 30 мартдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармони асосида бугун ҳам сафларимизда туриб, Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур фармонга мувофиқ, уруш қатнашчиларига 10 000 000 (ўн миллион) сўм миқдорида бир йўла пул мукофоти, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясининг «Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги» эсдалик медаллари, «Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси» номли китоб-альбоми, «Ўзбекистонлик Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари» номли китоб ва эсдалик совғаси топширилди. 

Шунингдек, уруш қатнашчиларига вилоят, туман ҳокимликлари, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Хоразм вилояти Мудофаа ишлари бошқармаси номидан совғалар берилди.

Уруш фазхрийлари ҳукуматимиз, халқимиз томонидан уларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамҳўрликлардан мамнун эканликларини билдириб, “Юртимиз, халқимиз ҳеч қачон уруш балосини кўрмасин” дея дуо қилишди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати

    Бошқа янгиликлар