1

Зулфия Зокированинг ҳаёт йўли, оиласи ва авлодлари ҳақида китоб ёзилади

МАДАНИЯТ 10.05.2020, 15:10
Зулфия Зокированинг ҳаёт йўли, оиласи ва авлодлари ҳақида китоб ёзилади

Бугун Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов бошчилигидаги вилоят сектор раҳбарлари Зангиота тумани Хонобод қишлоғи "Қушбеги" маҳалласида, Зулфия ая Зокирова яшаган хонадонда бўлди.

Зулфия аянинг мўъжазгина ҳовлисида меҳмонларни унинг эвараси Фарҳод Муҳаммаджонов кутиб олди.

Хабарингиз бор, куни кеча Президентимиз томонидан ушбу оила вакиллари алоҳида эътироф этилди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан "Ғалаба боғи"да Зулфия Зокирова тимсолида ўзбек оналарининг сабр-бардоши, матонати мужассам бўлган “Матонат мадҳияси” ёдгорлик мажмуаси ўрнатилди.  

“Ўзбеккино“ Миллий агентлиги буюртмасига кўра “Эзгу фильм“ киностудияси томонидан "Илҳақ" бадиий фильми тасвирга олинди. Фильмнинг телевидение орқали намойиши халқимизга манзур бўлди. Одамлар кеча ва бугун бу буюк жасорат, ўзбек онасининг бардоши, иродаси ҳақида ижтимоий тармоқларда тинмай дил сўзларини тўлқинланиб айтишмоқда.

Зулфия ая хонадонида унинг авлодлари билан ўтган суҳбатда мана шулар ҳақида сўз борди. Вилоят ҳокими Президент ташаббуси билан тасвирга олинган "Илҳақ" бадиий фильмини катта ҳаяжон, қизиқиш билан томоша қилганини, Зулфия она тимсолида уруш даврида яшаган минглаб оналарнинг аччиқ қисмати таъсирли, зўр бадиий маҳорат билан тасвирланганини эътироф этди.

- Юраги тўла доғу ҳасратлар билан яшаб, шунда ҳам ўз иродасини йўқотмай, меҳнат қилиб, фарзандларидан ёдгор набиралари тарбияси билан машғул бўлган онаизор ҳақли равишда матонат тимсоли, буюк жасорат соҳибаси, - деди Рустам Холматов.

Вилоят ҳокими маҳалла ва жамоатчилик таклифидан келиб чиқиб, Зулфия Зокирова яшаган мазкур кўча унинг номи билан қайта номланишини билдирди.

Шунингдек, бу хонадонга буюк жасорат ва матонат соҳибаси яшаган муҳитни ўз кўзи билан кўрмоқчи бўлган меҳмонлар ташрифи учун уй асл ҳолатда сақланиши, келгусида уни уй-музейга айлантириш юзасидан бирламчи ишларни амалга оширишга кўрсатма берилди.

Бундан ташқари, вилоят ҳокимлиги буюртмаси билан Зулфия Зокированинг ҳаёт йўли, оиласи, авлодлари ҳақида китоб нашрга тайёрланади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1