2020 йил 8 май куни ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида қурилаётган кўп қаватли бинонинг деворлари шамолда қулаб тушаётгани акс этган видео тарқалган эди. Ушбу ҳолат юзасидан Қурилиш вазирлиги матбуот хизмати муносабат билдирди. Видео:
Мазкур воқеа Мирзо Улуғбек тумани, Тўрт ариқ кўчаси 3 ва 5-уй манзилида жойлашган, фуқаро Р.А.Пишенкога тегишли бинода содир бўлган. Бино турар жой чегара ҳудудидан чиқмаган ҳолда, нотурар жой тоифасига ўтказилган. Ҳозирда “Бизнес марказ” сифатида қайта таъмирланаётган бўлган.
Тошкент шаҳар қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан мазкур ҳолат атрофлича ўрганиб чиқилган. Маълум бўлишича, пудратчи томонидан юртимизда карантин эълон қилингунга қадар бинонинг 3 қаватигача ташқи девор ишлари якунига етказилган. Бироқ, карантин сабаб, 4 ва ундан юқори қаватларда ташқи деворларни териш ишлари охирига етказилмай қолиб кетган. Яъни деворларнинг охирги қатори терилмай, темирбетон сердечник ва перемичкалар ўрнатилмай қолган.
Бунинг оқибатида ойна ва эшик проёмлари боғланмагани туфайли, 2020 йилнинг 8 май куни кузатилган кучли ёмғир ва шамол оқибатида бинонинг юқори қаватидаги ташқи деворнинг бир қисми объект ҳудудига қулаб тушган. Қўшни бино ва иншоотларга, инсонларга зарар етмаган.
Шу заҳоти объектда янада кўпроқ талофатлар келиб чиқмаслиги учун юқори қаватдаги ташқи деворлар атайин бино ичкарисига демонтаж қилинган. Ҳозирги кунда объект ҳудудида тозалаш ишлари олиб борилмоқда ва ташқи деворни қуриш ишлари белгиланган норма ва меъёрлар асосида олиб борилиши қатъий назоратга олинган.






