АсосийЖАМИЯТ

Янги қонунга кўра, фуқаролиги бўлмаган 50 минг шахс Ўзбекистон фуқароси деб тан олинади. Чунки улар...

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан манфаатдор вазирликлар, давлат қўми...

'Янги қонунга кўра, фуқаролиги бўлмаган 50 минг шахс Ўзбекистон фуқароси деб тан олинади. Чунки улар...'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан ҳамкорликда бундан 28 йил муқаддам қабул қилинган ҳамда бугунги замон талабларига тўлиқ жавоб бермайдиган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилиб, 2020 йилнинг 13 март куни қабул қилинди.

ИИВ Ахборот хизмати мазкур Қонун қабул қилиниши натижасида яратилган енгилликлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. 

Унга кўра,  

биринчидан, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш тартиб-таомиллари либераллаштирилади ҳамда боланинг фуқаролик соҳасидаги ҳуқуқлари мустаҳкамланади;

иккинчидан, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги масалалари бўйича шикоят қилувчи шахсларнинг эътирозлари камаяди;

учинчидан, Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида доимий истиқомат қиладиган фуқаролиги бўлмаган шахслар сони кескин қисқаради;

тўртинчидан, ватандошларни Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига соддалаштирилган тартибда қабул қилинишини тартиби белгилаб берилади;

бешинчидан, фарзандликка олинган ва ота-онасининг фуқаролиги ўзгарганлиги бўйича боланинг фуқаролиги ўзгариши нормаларига аниқ тушунчалар берилади;

олтинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик масалалари комиссиясининг тузилмаси, асосий вазифалари, ҳуқуқлари, ишни ташкил этиш ва қарорларни қабул қилиш тартиби аниқ белгилаб берилади;

еттинчидан, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги масалаларига оид идоралараро маълумотлар базаси яратилади.

Энг муҳими  ушбу Қонуннинг 6-моддаси талабларига кўра, 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келган ва доимий пропискадан ўтган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда ушбу Қонун кучга киргунига қадар фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси асосида яшаб турган шахс истак билдирган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинади.

Ушбу Қонунининг 58-моддасида қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга кириши, унинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига тан олиш ва тан олиш бўйича ҳужжатларни кўриб чиқиш тартибини белгилаб берувчи 6 ва 45-моддалари жорий йилнинг 1 апрелидан амалга киритилиши белгилаб қўйилди.

Шу ўринда айтиш мумкин, ҳозирги вақтда юртимизда яшаб келаётган фуқаролиги бўлмаган 90 мингга яқин фуқаролиги бўлмаган шахслардан 50 мингга яқини (55%) Ўзбекистон Республикасида 1995 йилнинг 1 январига қадар доимий рўйхатдан ўтган. Демак, ушбу қонун билан 50 минг нафарга яқин шахсларнинг фуқаролик билан боғлиқ муаммолари ҳал этилиб, улар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига тан олинишлари лозим.

Мазкур тоифадаги шахсларга уларнинг мурожаатларига асосан жорий йилнинг 1 апрель кунидан бошлаб уларни Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига тан олиш бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш ишларини йўлга қўйиш вазифаси Ички ишлар вазирлигининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматлари зиммасига юклатилган.

Бироқ, республикамизда короновирус касаллиги тарқалишини олдини олиш бўйича карантин жорий қилинганлиги муносабати билан 2020 йил 24 март кунидан бошлаб, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматларида фуқаролар қабули вақтинча тўхтатилган эди.

Шу сабабли, фуқаролик тўғрисидаги янги қонунга асосан, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролини тан олиш бўйича Республикамиз ҳудудида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслардан жойлардаги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматларига кўплаб мурожаатлар бўлмоқда. 

Бугунги кунда, яъни 2020 йил 4 май кунидан бошлаб, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматларида фуқаролар қабули йўлга қўйилди. 

Эндиликда, республикамиз ҳудудида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслардан фуқаролик масалалари юзасидан жойлардаги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматларига мурожаат қилишлари мумкин. 

 


 

    Бошқа янгиликлар