АсосийЖАМИЯТ

«Sufi Trail» Ўзбекистон бўйлаб саёҳатни бутунжаҳон мероси бўйлаб саёҳатга қиёслади

Нидерландиянинг «Sufi Trail» сайтида таниқли бельгиялик фотожурналист Жон Рейнхарднинг Ўзб...

'«Sufi Trail» Ўзбекистон бўйлаб саёҳатни бутунжаҳон мероси бўйлаб саёҳатга қиёслади'ning rasmi

Нидерландиянинг «Sufi Trail» сайтида таниқли бельгиялик фотожурналист Жон Рейнхарднинг Ўзбекистонга ижодий сафарига бағишланган «Ўзбекистон – Ипак йўли дурдонаси» сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар қилди.

 Мақолада мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти тўлиқ кашф қилинмагани таъкидланади. 

“Ўзбекистон Буюк ипак йўли дурдонаси ва Жалолиддин Румий йўналишидаги  мамлакатдир. Ҳали ҳануз кўпчиликка маълум бўлмаган, тўлалигича кашф қилинмаган ва янги мамлакатларнинг борлиги ҳақиқат. 3 минг йиллик тарихга эга мамлакат – Ўзбекистон ҳақида нима дейиш мумкин. Ўзбекистон Марказий Осиёдаги биз яхши билмаган ажойиб мамлакатлардан биридир. Албатта, биз Буюк ипак йўли ҳақида эшитганмиз, лекин унда бетакрор гўзалликка эга шаҳарлар борлигини билмаймиз. Самарқанд, Бухоро ва Хива каби қадимий шаҳарлар ўзининг   миноралари, масжидлари ва мадрасалари билан кўзингизни қувонтиради, ҳайратингизни оширади”, дейилади мақолада. «Sufi Trail» мақоласида машҳур Шарқ бозорлари, у ердаги сархил мевалар ва  уларнинг бетакрор таъми ҳамда сотувчиларнинг хушмуомалалиги ва меҳмондўстлиги алоҳида эътироф этилган. Ўзбекистон шаҳарлари бўйлаб саёҳат мақолада бутунжаҳон мероси бўйлаб саёҳатга ўхшатилади. “Ўзингизни қачонлардир шу ҳудуд бўйлаб ҳаракатланган кўп сонли карвонларнинг бир қисми дея тасаввур қилинг ва ранг баранг манзарадан завқ олинг”, дейилади унда. 

Мақолада Тошкент метросига алоҳида тўхталиб ўтилган: “Бугунга келиб пойтахтда 29 метро бекати бор бўлиб, уларнинг ҳар бири ер остида сизни янада узоқроқ вақт қолишга ундовчи бадиий галереяга ўхшайди. Шундай бўлса-да, Тошкент ва Ўзбекистондаги бошқа жойлар сизга бундан-да кўпроғини таклиф қила олади”. Ўзбекистон гастрономияси ҳақида эса бутун бир китоб яратиш мумкинлиги таъкидланади. Муаллиф мақолага якун ясар экан, Ўзбекистоннинг бой тарихга эга, дўстона, хавфсиз ва озода мамлакат эканлигини таъкидлайди ҳамда бу ерда барча қулайликлар мавжудлигини қўшимча қилади. “Интернетга кириш, телефон ва транспорт каби замонавий қулайликларнинг мавжудлиги унинг ўзига хослигини тасдиқлайди. Ўзбекистон кўп тармоқли ички маршрутларга эга. Тезюрар поездлар мамлакатнинг барча бурчакларидан хоҳловчиларни ташиши мумкин. Мамлакатнинг яна бир афзаллиги у ерда ўзбек тилидан ташқари рус, инглиз ва француз тилларида ҳам сўзлашишади. Аслида Ўзбекистон саёҳатлар учун ажойиб мамлакат”, дейилади мақолада.

Фламандлик сураткаш Жон Рейнхард 2019 йилда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Республикамизнинг Бельгиядаги элчихонаси қўллаб-қувватлаши остида икки маротаба диёримизга ташриф буюрди. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчихонаси билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг туристик салоҳияти тарғиботи ва айниқса, Бенилюкс мамлакатларидан сайёҳлар оқимини ошириш йўлида тизимли ишларни амалга оширмоқда.

    Бошқа янгиликлар