Тошкент вилоятида 12 май куни “Газ-53” русумли юк автомашинаси ва уч ғилдиракли мотоцикл иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Юк машинаси йўл четида келаётган мотоциклни етаклаб келаётган пиёдани уриб юборди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.
Хабарда ёзилишича “Газ-53” русумли юк машинаси ҳайдовчиси 49 ёшли Б.Н. “Тўйтепа-Оққўрғон-Янгийўл” автомобиль йўли бўйлаб юк машинасини бошқариб кетаётганида автомобиль йўлининг ўнг четидан, ҳаракат оқимига қараб, уч ғилдиракли мотоциклини етаклаб кетаётган фуқаро 31 ёшли Ш.И.ни автомашинанинг олди қисми билан уриб юборган.
Натижада фуқаро Ш.И., турли даражадаги тан жароҳатлари билан Оққўрғон туман Тиббиёт бирлашмасига ётқизилган, бироқ кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан у вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Оққўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилганлиги айтилмоқда.






