Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ҳамда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси чет эллик ўқитувчилар иштирокида видеодарслар тайёрлади. Видеодарслар 17 майдан якшанба кунлари Online-Maktab телеканалларида эфирга узатилади. Бу ҳақда Президент мактабларининг телеграм каналида хабар қолдирилди.
Мазкур ўқитувчиларнинг бир гуруҳи Online-Maktab (Онлайн мактаб) лойиҳаси доирасида турли фанлардан видеодарслар тайёрлашда иштирок этди. Хусусан, Тошкентдаги Президент мактабининг 5 нафар ўқитувчиси инглиз тили, информатика, математика (алгебра ва геометрия), биология ва бошқа фанлардан видеодарслар тайёрлади.
6-11-синф ўқувчилари учун дарсдан ташқари машғулот сифатида 18 соатлик видеодарс ҳамкорликда тайёрланди. Барча дарслар инглиз тилида тасвирга олинди.
Анмари Андерсон 6-8-синфлар учун информатика, Симжии Анвар - 6-синфлар учун биология, Дасс Оскар - 9-11-синфлар учун алгебра ва геометрия бўйича видеодарслар тайёрлади. Маҳаллий инглиз тилида сўзлашувчи Эн Бейли IELTS имтиҳонларига тайёргарлик кўриш бўйича ўз тавсияларини берди.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йил юртимизда илк маротаба Нукус, Хива, Наманган ва Тошкентда тўртта Президент мактаби очилди. Ушбу мактабларда ёшларга дарс бериш учун хориждан юқори малакали ўқитувчилар жалб қилинди.






