АсосийЖАМИЯТ

Тошкентда 15, 7 ва 3 кунлик электрон йўл чипталар жорий этилмоқда

15, 7 ва 3 кунлик электрон йўл чипталарини тадбиқ этиш бўйича хукумат қарори тайёрланди. Б...

'Тошкентда  15, 7 ва 3 кунлик электрон йўл чипталар жорий этилмоқда'ning rasmi

15, 7 ва 3 кунлик электрон йўл чипталарини тадбиқ этиш бўйича хукумат қарори тайёрланди. Бу ҳақда "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ Матбуот хизмати маълум қилди.

Келтирилишича, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги хузуридаги транспорт ва логистика муаммоларини ўрганиш маркази, Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси ҳамда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ҳамкорлигида Тошкент шаҳридаги йўловчи ташишнинг ер усти транспорти йўналишларини мақбуллаштириш ишлари кетмоқда.

Мазкур жараёнда асосий эътибор йўналишларни метро бекатларига боғлаш, магистраль   йўналишлар ва уларга йўловчиларни олиб чиқувчи ёрдамчи йўналишлар тармоғини яратишга қаратилган.  

Ушбу ўзгартиришлардан мақсад магистраль йўналишлар ўтадиган кўчалардаги бошқа йўналишлар сонини имкон даражасида камайтиришдир. Бу биринчи навбатда йўналишларнинг бир бирини такрорламаслигига, қатнов мунтазамлигини таъминлашга хизмат қилади. Қолаверса, бўшаган автобуслар ҳисобидан транспорт воситалари етишмаётган йўналишларни тўлдириш имконини беради. Бу эса қатнов интервалини кескин қисқартириб, йўловчиларнинг ортиқча вақт йўқотишларининг олдини олади.

Мувофиқлаштириш жараёнида магистраль ва шаҳар марказида қатновчи йўналишларга катта сиғимли, ёрдамчи ва шаҳар четидаги йўналишларга эса йўловчилар оқимидан келиб чиққан ҳолда ўрта ва кичик сиғимли автобусларни бириктириш режалаштирилган.

Йўловчилар манфаатидан келиб чиқиб ўзгаришлар жараёнида автомат тўлов тизимини ҳам такомиллаштириш, ривожлантириш тақазо этилади. Шуни инобатга олган ҳолда 15, 7 ва 3 кунлик электрон йўл чипталарини тадбиқ этиш бўйича хукумат қарори тайёрланди. Қарорнинг амалга тадбиқ этилиши натижасида йўловчилар йўналишдан йўналишга ўтишида ортиқча маблағ сарфламасликлари таъминланади.  

Куни кеча ижтимоий тармоқларда дастлабки ўзгартирилган автобус йўналишлари эълон қилинди. Ушбу ўзгаришлар асосан магистраль йўналишлари бўлиб, улар ўтадиган кўчалардан бошқа йўналишларни олиб ташлаш назарда тутилган. Эълон қилинган материалларда магистраль йўналишларига йўловчиларни олиб чиқадиган ёрдамчи йўналишлар ҳақидаги маълумотлар берилмаганлиги юртдошларимизда баъзи бир тушунмовчиликлар ҳам сабаб бўлди.  

Эндиликда юртдошларимизда ортиқча саволлар туғилмаслиги ва тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида магистраль йўналишларининг ўзгаришлари, қисқартириладиган йўналишлар ва ёрдамчи йўналишлар ҳақидаги тўлиқ маълумотлар ижтимоий сайт ва тармоқларда эълон қилиб борилади.

    Бошқа янгиликлар