Туркиянинг «Barer Holding» компанияси инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш билан бир қаторда Сирдарё вилоятининг “Сардоба сув омбори” тўғони бузилиши ва сув тошқини юзага келишидан жабр кўрган маҳаллий аҳолига кўмак бериш мақсадида 250 минг доллар миқдорида хайрия маблағи ажратди.
«Сирдарё вилоятининг Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин тумани аҳолисига чин дилдан ҳамдардлик билдираман. Ўзбекистон ҳукумати ва фуқаролари ушбу фалокат оқибатларини бартараф этиш учун тезда сафарбар этилди. «Barer Holding» компанияси бу офатдан зарар кўрган оилаларни қўллаб-қувватлашдан фахрланади. Компания раҳбарияти оғир кунларда Сирдарё халқи билан бирга эканлигини изҳор этади: талафотлар тез кунларда бартараф этилишига ва Сирдарё халқи тез орада ўзининг фаровон турмуш тарзига қайтишига ишонади», дейди холдинг компания президенти Октай Эрджан.






