Ҳукуматнинг аҳолига ҳуқуқий ахборотни етказиш ва юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қарорига асосан “Мадад” – муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти ташкил этилган. Хўш, ушбу ташкилотни ташкил этишдан аввал хорижий давлатларнинг ижобий тажрибалари ўрганилдими? Уларнинг қайси жиҳатларига эътибор қаратилди. ННТ ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиш учун “Мадад” – муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти ижрочи директори Тўлқин Турсунов билан суҳбатлашдик.

Ҳукумат қарорида белгиланган вазифаларга асосан “Мадад” муассасаси томонидан қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?
— Ҳукуматимиз қарори, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини ошириш ҳамда аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган.
Шунга кўра, муассасанинг асосий вазифаларидан бири сифатида фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича, шу жумладан, онлайн маслаҳатлар ва тушунтиришлар бериш йўли билан бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш белгиланган.
Мурожаатлар сонини ошишига бир қанча омиллар сабаб бўлганини эътироф этишимиз керак.
Хусусан, муассаса ва унинг ҳудудий бюролари томонидан доимий равишда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда чиқишлар қилиниши, шунингдек, маҳаллалар ва бошқа ташкилотларда учрашувлар ва тарғибот тадбирлари ташкил этилиши натижасида аҳолининг муассасамиз фаолияти бўйича хабардорлик даражаси ошди.
Шу билан бирга, муассасанинг Telegram, Youtube каналлари, Instagram ва Facebook ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларига, улардан фойдаланувчилар учун 1000 дан ортиқ ахборот ва маълумотлар, савол-жавоблар ҳамда видеоинтервьюлар жойлаштирилди.
Бундан ташқари, 2020 йил январь ойидан бошлаб фуқароларга мурожаатларини онлайн тарзда юбориш учун янада қулайлик яратиш мақсадида, муассасамиз томонидан телеграм бот ишга туширилди. Эндиликда, фуқаролар учун нафақат «Advice.uz» ҳуқуқий ахборот портали орқали, балки ўзлари учун қулай бўлган телеграм бот орқали ҳам мурожаатларни онлайн тарзда юбориш имконияти яратилди.
Онлайн мурожаатларни кўриб чиқишнинг афзаллик томонлари ҳақида тўхталадиган бўлсак, мурожаатлар ҳуқуқий маслаҳатчилар томонидан реал вақт режимида кўриб чиқилади. Яъни, битта мурожаат қабул қилиб олингандан кейин, уни кўриб чиқиш учун 5 дақиқадан
15 дақиқагача вақт сарфланади.
“Advice.uz” — муассасанинг расмий сайти
(e-maslahat.uz) ҳуқуқий ахборот портали фаолиятига тўхталадиган бўлсак, кўрсатилган давр мобайнида 130 мингдан ортиқ фойдаланувчилар порталда ҳуқуқий маълумотлар ва ахборотлар билан танишиб чиққан. Шулардан 80 мингдан ортиғи Ўзбекистон ҳудудидан, 50 мингга яқини 85 та бошқа хорижий давлатлар (Колумбия, Россия, АҚШ, Буюк Британия Хитой, Украина каби) фойдаланувчилари ҳисобланади. Бир кунда порталдан 400-450 нафар фуқаролар бевосита фойдаланишмоқда.
Порталнинг афзалликларидан яна бири, агар порталдан фойдаланувчи ўзига зарур маълумот ёки ахборот билан танишиб чиққач, унда бошқа қўшимча савол пайдо бўладиган бўлса, ўша заҳоти саволини онлайн маслаҳатчига юбориш ва ҳуқуқий маслаҳат олиш имкониятига ҳам эга.
Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши карантин эълон қилингач, порталдан фойдаланувчилар учун “COVID-19 Инфо Мадад | Уйда қолинг” деб номланган янги бўлим жорий этилди ва унга коронавирус билан боғлиқ долзарб маълумотлар ва савол-жавоблар киритилди.
“Мадад” муассасаси аҳолига юридик ёрдам кўрсатиш соҳасида бошқа давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйганми?
— Албатта, муассасамиз томонидан аҳолига юридик ёрдам кўрсатиш соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича ҳам сезиларли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Жумладан, Тошкент давлат юридик университети билан “Юридик кадрларни тайёрлаш ва аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик тўғрисида” Меморандум имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси билан келишилган ҳолда “2020 йилда фукароларнинг мурожаатлари билан ишлаш ва аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар режаси” тасдиқланди.
Халқаро ҳамкор ташкилотлар билан “Advice.uz” (e-maslahat.uz) ҳуқуқий ахборот порталининг янгиланган интерактив сайтини яратиш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, сайтга фуқароларга янги имконият ва қулайликлар яратиш мақсадида, эксперт-маслаҳатчиларга тўғридан-тўғри мурожаат қилиш, сайт ҳақида фикр қолдириш, маълумотларни “Smart search” (“Ақлли қидирув”) услубида излаш, форумда таклифлар бериш каби бошқа кўплаб функциялар киритилмоқда.
Шунингдек, муассаса томонидан бизнесга кўмак берувчи янги “Advice.uz” for business (e-maslahat.uz) ҳуқуқий ахборот портали лойҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Хусусан, мазкур сайтга тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, маълумот ва ахборотлар (контентлар) жойлаштириш, тадбиркорларга мазкур йўналишларда онлайн маслаҳатлар бериш, форумда таклифлар қолдириш ва бошқа функцияларни киритиш режалаштирилган.
"Мадад” ННТнинг ҳудудларда ҳам бюролари мавжудми? Умуман, бюролар бугунги кунда қай даражада самарали фаолият кўрсатмоқда?
— Мамлакатимиз аҳолисига, айниқса, жойларда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган фуқароларга бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатиш мақсадида, муассасанинг 2019 йил ноябрь-декабрь ойларида 16 та туман (шаҳар) ҳуқуқий маслаҳат бюролари ташкил этилган бўлса,
жорий йилнинг 1-чорагида 40 та ҳудудий бюролар ташкил этилиб, уларнинг сони 56 тага етди.
Ҳудудий бюроларни малакали ходимлар билан шакллантириш масаласига тўхталадиган бўлсак, муассаса томонидан туман (шаҳар) ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутахассиси лавозимига ишга қабул қилиш тўғрисида танлов эълон қилинди ва унда иштирок этиш истагини билдирган номзодлар билан суҳбатлар ўтказилди.
Суҳбат натижаларига кўра, номзодлар орасидан олий юридик маълумот ва зарур иш стажига эга бўлган малакали мутахассислар танлаб олиниб, улар билан меҳнат шартномалари тузилди.
Ҳудудий бюролар ходимлари томонидан фуқароларга уларнинг мурожаатлари бўйича бирламчи бепул юридик ёрдам кўрсатилмоқда.
Бунда фуқаролар бевосита ҳудудий бюроларга ташриф буюриб, ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар ва тушунтиришлар ҳамда турли ҳуқуқий ҳужжатлар намуналарини расмийлаштириш ёки тақдим этиш йўли билан амалий ёрдам олишлари мумкин.
Шунга кўра, муассасанинг ҳудудий бюроларига улар ташкил этилганидан ҳозирги кунга қадар 11 минг нафарга яқин фуқаролар бевосита мурожаат қилишган ва уларга ҳуқуқий масалалар бўйича бепул юридик ёрдам кўрсатилган.
Келиб тушган мурожаатларнинг таснифи таққосланганда, энг кўп мурожаатлар оила муносабатлари, уй-жой ва коммунал масалалари ҳамда суд-ҳуқуқ масалаларига оид мурожаатларни ташкил этади.
Ҳудудий бюролар томонидан кўрсатилаётган ҳуқуқий ёрдамнинг энг муҳим жиҳати бу – хизматларнинг мутлақо бепуллигидир. Маълумки, фуқароларга бошқа ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи тузилмалар томонидан шартнома асосида кўрсатилаётган пуллик хизматлар ҳар доим ҳам ижтимоий жиҳатдан кам таъминланган аҳолининг реал даромадларига мос келавермайди, бунинг натижасида эса бу тоифадаги шахсларнинг бепул юридик ёрдам олишга бўлган имкониятлари чекланиб қолади.
Шу жиҳатдан, муассаса биринчи навбатда аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлган қатламларига бепул юридик ёрдам кўрсатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Ўз навбатида, муассасага, фуқаролардан келиб тушган мурожаатларни таҳлил қилиб, натижасига кўра ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси ҳам юклатилган.
Ушбу вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида, муассаса томонидан фуқароларнинг ҳуқуқий маслалалардаги мурожаатлари таҳлил қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш тартиби тўғрисидаги низом”га ва “Кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисида”ги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидантаклифлар ишлаб чиқилди.






