Бугун, 16 май куни Самарқанд вилоятида 10 нафар, Тошкент шаҳрида 27 нафар коронавирус инфекциясига чалинган беморлар соғайиб, реабилитацияга кузатилди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.
Самарқанд вилоятидан тузалганларнинг 5 нафари Оқдарё туманидан, 3 нафари Самарқанд шаҳридан, 2 нафари Тойлоқ туманидан бўлиб, вирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олган. Уларнинг 5 нафари эркак, 5 нафари аёл бўлиб, ёши каттаси 33 ёшда, ёши кичиги эса 2019 йилда туғилган.
Шунингдек, пойтахтимиздаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 3 нафар бемор тузалди. Уларнинг барчаси Тошкент шаҳридан. Беморлардан 1 нафари эркак, 2 нафари аёл. Улар орасида энг ёши каттаси 31 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 11 ёшда.
Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида эса 24 нафар бемор соғайди. Тузалганларнинг 4 нафари касалликни коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали юқтириб олган. Қолган 20 нафар фуқаро эса чет элдан келган ва карантинга олинган. Коронавирус аниқлангач, клиникага ётқизилган. Улардан 21 нафари эркак, 3 нафари аёл бўлиб, энг ёши каттаси 60 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 4 ёшда.
Ҳозирда мамлакатимиз бўйлаб 2195 нафар бемор коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайган.






