Адлия вазирлиги томонидан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати билан ҳамкорликда ўтказилаётган “Салом, Сардоба, биз биргамиз!” хайрия акцияси давом этмоқда. Акция эълон қилингандан буён Сирдарё вилоятига гуманитар ёрдам ортилган қарийб 20 та юк машинаси жўнатилди. Бугун 16 май куни ички ишлар органлари вакиллари ҳамроҳлигидаги гуманитар ёрдам ортилган автомашиналар Сирдарёга етиб борди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими "Даракчи"га хабар қилди.
50 нафардан ортиқ фуқаролар ва ташкилотлар томонидан моддий ёрдам шаклидаги мурувват ёрдами марказий штабга топширилди. KOICA халқаро агентлиги, Ўзбекистон мебель ва дарахтга ишлов бериш саноати ассоциацияси, Словениянинг “KRKA” халқаро фармацевтика компанияси, “S.Y.R Forwarders Ltd” транспорт компанияси, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ва бошқалар кийим-кечак, дори воситалари, гигиена воситалари, уй учун мебель жиҳозларини етказишди.

Шу билан бирга, Шодиев халқаро фондининг ваколатхонаси томонидан Адлия вазирлиги ва “Мадад” ННТ билан ҳамкорликда 500 та озиқ-овқат маҳсулотлари тўплами юборилди.

Сардоба ва Мирзаобод туманларидаги жабр кўрган 60 та оилага ҳомийлар ёрдамида йиғилган жами 60 млн. сўм қўлларига топширилди.

ДХМлар томонидан йўлга қўйилган беғараз сайёр хизматлар кўрсатиш натижасида ҳозирги вақтгача 1 013 та ҳужжат, жумладан 740 та туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома, 264 та никоҳ тузилганлик ҳақидаги гувоҳнома тикланди.
Шу билан бирга, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан очилган махсус ҳисоб рақамига жорий йилнинг 3 майидан 15 майига қадар молиявий ҳисса қўшиш истагида бўлган шахслардан 298 356 086 сўм келиб тушди.
Шу тариқа, махсус ҳисоб рақамга (20212000100981895003) ташкилотлардан 233 188 412 сўм маблағ ўтказиб берилди.
Payme ва Click тўлов тизими (“Хайрия” бўлими – “BizBirgamiz” логотипи) орқали фуқаролардан эса 65 167 674 сўм келиб тушди.
Мазкур маблағлар сув тошқинидан талофот кўрганларнинг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида улар билан маслаҳатлашган ҳолда тегишли маҳсулот ва буюмлар харид қилишга йўналтирилади.






