Коронавирус пандемиясининг занжирини узиш, юқумли касаллик тарқалишига йўл қўймаслик ҳамда аҳоли саломатлигини сақлаш мақсадида мамлакат бўйлаб катта масштабдаги дезинфекция ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Darakchi.uz га Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.
Ана шундай профилактик тадбирлар Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё туманида ҳам самарали ўтказилиб, бунда аҳоли гавжум бўладиган масканлар, савдо-маиший объектлар, корхона ва идоралар, банклар ва туман бўйлаб қўйилган банкоматлар, аҳоли яшаш уйлари ва маҳаллалар атрофлари “кўринмас душман”га қарши дезинфекция қилинмоқда.
Эътиборлиси, туман мудофаа ишлари бўлими томонидан ташкил этилган кўнгиллилар отрядига қўшилиб, жамоат ишларида фаол қатнашишни ихтиёр этган ташаббускор ёшлар сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Хозирга келиб бу отрядда 100 нафарга яқин ёшлар туман мудофаа ишлари, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар, миллий гвардия бўлимлари ва санитар-эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари билан ҳамкорликда дезинфекция ишларида иштирок этмоқда.
Ёшлардан 38 нафар амударёлик йигитлар муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, жорий йил захирага бўшатилганига қарамай Ватан олдидаги хизматини давом эттириш учун кўнгиллилар сафидан жой олишди. Отрядда жорий йил муддатли ҳарбий хизматга кетиш учун сараланиб, жорий этилган карантин сабаб армияга бориши кечиктирилган 60 нафардан ортиқ ёшлар ҳам жамоат ишларига ёрдам бермоқда.
Дезинфекцияловчи гуруҳлар туманга кириб-чиқиш чегараларида ташкил этилган 8 та блокпостлардан ўтаётган барча транспорт воситаларини ҳам дезинфекциядан ўтказиб, ватандошларимизнинг тана ҳароратини ўлчаб, уларнинг саломатлиги ҳақида қайғуришмоқда.
Дезинфекция тадбирлари давомида мазкур вирус тарқалишининг олдини олиш ва карантин қоидаларига амал қилиш бўйича юртдошларимизга тегишли тавсиялар ва мурожаатлар ёзма, оғзаки ва оммавий ахборот воситалари орқали етказилмоқда.






