АсосийЖАМИЯТ

ТИВ: Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги Бош консулхонаси ходими Ғалаба кунини нишонламасликка чақирмаган

Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонаси ходими “ватан...

'ТИВ: Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги Бош консулхонаси ходими Ғалаба кунини нишонламасликка чақирмаган'ning rasmi

Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонаси ходими “ватандошларни Ғалаба кунини нишонламасликка чақирди" ва "дипломатик жанжални қўзғатди" деган маълумот Интернетдаги оммавий ахборот воситаларида тарқалиши муносабати билан қуйидагиларни маълум қилади.

Бош консулхона дипломатлари бу каби чиқиш қилмаган ва ўзбек диаспораси вакилларини фашизм устидан Ғалаба кунини нишонлашдан воз кечишга чақирмаган.

Масалани ойдинлаштириш учун Ўзбекистоннинг Бош консулхонаси Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Екатеринбургдаги ваколатхонаси билан боғланган. Ваколатхона ҳеч қандай дипломатик можаро ҳақида сўз бўлиши мумкин эмаслигини маълум қилган.

Шуни таъкидлаш жоизки, Иккинчи Жаҳон урушидаги буюк Ғалабанинг 75 йиллиги бизнинг умумий байрамимиз бўлиб, биз уни қувонч ва кўзда ёш билан эслаймиз. Шу кунларда биз аввало ўз ватанлари учун жонини фидо қилган барча жангчиларни муборак хотирасига бош эгамиз, оталаримиз ва боболаримизга, шунингдек, меҳнат фронти қатнашчиларига, оналаримиз ва бувиларимизнинг жасорати ва журъати учун чексиз миннатдорчилик билдирамиз.

9-май арафасида Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев ва Россия Президенти В.Путин ўзаро табрик алмашдилар ва икки мамлакат халқларига самимий тилакларини йўлладилар. Бундан ташқари, Давлатимиз раҳбари Иккинчи жаҳон урушидаги буюк Ғалабага ҳисса қўшган жангчилар хотираси абадийлаштирилган Тошкент шаҳридаги Ғалаба боғи ва Шон-шараф музейининг очилишига бағишланган тантанали маросимда иштирок этди.

Ўзбекистон Бош консулхонаси пандемия муносабати билан жорий қилинган қатъий карантин чораларига қарамай Ўзбекистонда буюк Ғалабанинг 75 йиллига бағишланган тантанали тадбирлар ўтказилган бир шароитда Ўзбекистон дипломатлари диаспора вакилларини Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабани нишонламасликка чақирганликларини тасдиқлашнинг асоссизлиги ва мантиққа зидлигига яна бир бор эътиборни қаратади.

    Бошқа янгиликлар