Жиноят ишлар бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод туман судида 2019 йилнинг ёзида ўсмир болани машинасида босиб кетиб, ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи аёл иши бўйича ўтган суд якунига етди. Автомобилни бошқарган Лариса Толмачёва айбдор деб топилиб, тўрт йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидовга таяниб, «Gazeta.uz» хабар берди.
Лариса Толмачёва Nexia-3 автомобилида ўтган йилнинг 4 июнь куни 12 ёшли А.Г., И.С., ва Я.С.ни уриб кетганди. Олинган жароҳатлар натижасида А.Г. воқеа жойида вафот этган, И.С. оёғидан жароҳат олиб, касалхонага ётқизилган. Я.С.га эса амбулатор ёрдам кўрсатилган.
Суд жараёни судья Эльза Шамсутдинова раислигида ўтди. Дастабки тергов органи томонидан судланувчи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида (Транспорт воситаси ҳаракати ёки хавфсизлиги қоидаларини бузиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланган.
Жиноят иши материалларига кўра, Лариса Толмачёва 2019 йил 4 июнь соат 18:26 да Nexia-3 русумли шахсий автомобилни бошқара туриб, Тошкент шаҳар Юнусобод тумани 11-мавзедаги 5, 6, 7-уйлар ўртасидаги йўлда ҳаракатланган.
Қайд этилишича, транспорт воситаси ҳаракати йўналишини ўнг томонга ўзгартирган Лариса Толмачёва йўл четида турган, 2007 йилда туғилган Г.А., И.С., Я.С. ва 2006 йилда туғилган Ф.Р.ни кўрган. Бироқ Лариса Толмачёва ҳаракатни давом эттириб, Йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, бепарволик сабабли Г. А., И. С., Я. С.нинг устига автомобилда юриб кетган.
Ҳодиса натижасида вояга етмаган Г.А. олинган тан жароҳатларидан вафот этган, жабрланувчи Я.С. енгил тан жароҳати олган. Жабрланувчи И.С. эса ўрта даражадаги тан жароҳати олган.
Қайд этилишича, суд жараёни давомида судланувчи, гувоҳлар, жабрланувчилар ва уларнинг қонуний вакиллари эшитилган, далиллар ўрганиб чиқилган ва судланувчининг ҳимояси томонидан келтирилган маълумотлар текширилган.
Суд жиноий иш материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб чиқиб, Лариса Толмачёвани Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида Транспорт воситаси ҳаракати ёки хавфсизлиги қоидаларини бузиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди. Суднинг 2020 йил 18 майдаги қарори билан Лариса Толмачёвага транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан уч йилга маҳрум қилган ҳолда тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони колонияда ўташ белгиланди ва у 2019 йил 6 июндан бошлаб ҳисобланиши белгиланди.






