Коронавирус пандемияси шароитида "Ўзбекозиқовқатхолдинг" компанияси озиқ-овқат корхоналарида ХАССП - Хавф таҳлили ва назорат танқидий нуқта тизимини жорий этишни тавсия қилади. Бу ҳақда "Ўзбекозиқовқатхолдинг" хабар қилмоқда.
Маълум қилинишича, ХАССП (HAССP - Hazard Analysis and Critical Control Pоints) тизими озик-овқат корхоналарида маҳсулотлар хавфсизлигини бошқариш ҳисобланади.
Мазкур тизимнинг асосий вазифаси ишлаб чиқариш жараёнларини микробиологик, биологик, жисмоний, кимёвий ва бошқа ифлосланиш хавфидан ҳимоя қилишдир.
Озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи субъектлар ўз корхоналарида ХАССП тизимини жорий қилиш орқали тайёр озиқ-овқат маҳсулотларини бозорга чиқариш даврида уларнинг истеъмол бўйича хавфсизлиги ва савдо белгиси (бренди) ҳимоясини таъминлайди.
ХАССП принципида тузилган менежмент тизими корхоналарга нафақат Европа Иттифоқи талабларига мос, шунингдек ЕИ озиқ-овқат бозорида кучли рақобатга чидаш қобилиятига эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятини беради.






