АсосийЖАМИЯТ

Бухорода ер талашиб, жанжаллашганларга жазо тайинланди

Шу йилнинг май ойида ижтимоий тармоқларда “Халққа қарши тадбиркор” деган сарлавҳа бил...

'Бухорода ер талашиб, жанжаллашганларга жазо тайинланди'ning rasmi

Шу йилнинг май ойида ижтимоий тармоқларда “Халққа қарши тадбиркор” деган сарлавҳа билан видео тарқалган. Унда Бухоро вилояти, Пешкў тумани, Хуррам МФЙ Жонхўроз қишлоғида яшовчи аҳоли вакилларининг шу қишлоқда яшовчи фуқаро З.Норовнинг хатти-ҳаракатларидан норозиликлари акс этган. Жумладан, тадбиркор З.Норов масжидни тозалашга келган қишлоқ аёлларини электр токи сими билан бўғиб ургани, таёқ ва бошқа қаттиқ жисмлар билан эркакларга тан жароҳати етказгани, ҳатто "қонли тўқнашувлар давом этаётгани",  зиддиятли вазиятга вилоят ҳокимлиги, ИИВ, ИИБ, Прокуратура бефарқлиги айтилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати маълумот берди.

Қайд этилишича, фуқаро З.Норовга Пешкў туман ҳокимининг 2018 йил 29 декабрдаги  қарорига асосан, “Ёшлар меҳнат гузари” мажмуаси қуриш учун Жонхўроз қишлоғида жойлашган норасмий масжид олдидаги туман ҳокимлигининг захира ерларидан  0.04 гектар ер майдон ажратиб берилган. Бироқ ушбу ер майдони ажратилишида қишлоқ аҳолиси ўртасида турли хил низоли ҳолатлар юзага келган.

Жумладан, 2019 йил 10 июль куни фуқаро З.Норов ва акаси Б.Болтаев шу қишлоқда яшовчи фуқаро Х.Остонов билан жанжаллашиб, жанжал натижасида Х.Остоновни уриб, унга ўртача оғир шикаст етказган.

16 июль куни Пешкў туман ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан фуқаро Б.Болтаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 105-моддаси 2-қисми “и” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши юзасидан холисона тергов ҳаракатлари олиб борилишини таъминлаш мақсадида жиноят иши Вобкент тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси иш юритувига олинган. 

28 сентябрь куни фуқаролар Б.Норов ва Б.Болтаевларга нисбатан юқоридаги модда билан айблов эълон қилиниб, эхтиёт чораси сифатида “муносиб хулқ атворда бўлиш тўғрисида тилхат” қўлланилган ва жиноят иши Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 388-моддаси тартибида суд муҳокамасига юборилган.

Жиноят ишлари бўйича Ромитан тумани судининг 2019 йил 25 декабрдаги  ҳукми билан Б.Норов ва Б.Болтаевлар ЖКнинг 105-моддаси 2-кисми “и” банди билан қўзғатилган жиноят иши бўйича айбли деб топилиб, ҳар иккаласи 3 йилу 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган. Ҳозирги кунда улар Ромитан тумани ИИБ Пробация гуруҳи ҳисобида жазо муддатини ўтаб келмоқда. 

2020 йил 27 апрель куни Пешкў туман Хуррам МФЙ Жонхўроз қишлоғи вакили И.Ўроқовнинг турмуш ўртоғи М.Тўхтаева шу қишлоқда жойлашган норасмий масжидни тозалаш мақсадида келганида фуқаро З.Норов масжид ҳудудидаги ер унга тегишли эканлигини, бу ерга қайтиб келмаслигини айтганида улар ўртасида жанжал келиб чиққан. Жанжалда З.Норов, М.Тўхтаева ва уларни  ажратиш учун келган шу қишлоқда яшовчи М.Хўжаевалар тан жароҳати олишган.

Мазкур ҳолат юзасидан йўлланган мурожаатлар Пешкў туман ИИБ Навбатчилик қисмида тегишли тартибда қайддан ўтказилиб, туман ИИБ масъул ходими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган. Текширув натижасига кўра, фуқаро З.Норов ва М.Тўхтаеваларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 41, 52-моддаси 2-қисми, фуқаро М.Хўжаевага нисбатан МЖтКнинг 52-моддаси 2-қисми, фуқаролар И.Ўроқов ва М.Остоноваларга нисбатан МЖтКнинг 54-моддаси 2-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштириб, тўпланган ҳужжатлар 2020 йил 15 май куни қонуний чора кўриш учун Пешкў туман Маъмурий судига юборилган.

Юқоридаги ҳолат юзасидан тўпланган маъмурий иш ҳужжатлари ҳозирги кунда суд иш юритувига олинган.

    Бошқа янгиликлар