Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 май куни тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Президентимиз топшириғига кўра, тадбиркорлик муҳити ҳар бир туман ва шаҳар кесимида ойма-ой таҳлил ва хулоса қилиб борилади. Шунингдек, Бизнес-омбудсман тадбиркорлар ҳуқуқи ва мулк дахлсизлигини бузган туман ва шаҳар ҳокимлари тўғрисида ҳукуматга маълумот киритиб боради. Вазирлар Маҳкамаси тадбиркорлар муаммосини ҳал қилмаган, улар билан етарли даражада ишламаган шаҳар ва туман ҳокимларининг лавозимга лойиқлигини кўриб чиқади.
Ўзини ўзи банд қилаётган, қўлида касб-ҳунари бор одамларга муносиб шароит яратиш мақсадида янги тизим жорий этилиши белгиланди. Яъни, сартарош, этикдўз, новвой, темирчи, дурадгор, тикувчи, таксист, таржимон, дизайнер, компьютер дастурчиси каби ўзини ўзи банд қилган 60 дан зиёд касб эгалари даромад солиғидан озод қилинади. Мазкур имтиёздан фойдаланиш учун телефон орқали солиқ идораларини хабардор қилиш кифоя. Илғор хорижий тажриба асосида бундай фуқароларни рўйхатга олиш ва ҳисобини юритиш бўйича мобил илова ишлаб чиқилади.
Маълумки, йил бошида хусусий нотариусликка рухсат берилгани натижасида 617 та давлат нотариуси хусусий бўлди ва бюджетдан берилаётган 200 миллиард сўм иқтисод қилинди.
Худди шунингдек, ҳозирги кунда давлат идоралари кўрсатаётган кадастр ҳужжатларини тайёрлаш, ер ажратишда топосуратга олиш каби хизматларни хусусий секторга ўтказилса, минглаб янги иш ўринлари яратилади.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Адлия вазирлигига аниқ ҳисоб-китоб асосида, хусусий секторга ўтказиш мумкин бўлган давлат хизматлари рўйхатини шакллантириш юзасидан топшириқлар берилди.
Карантин даврида кўпгина ташкилотлар тўлов қобилиятини йўқотиб, банкротлик ёқасига келиб қолиши мумкин. Шу сабабли, корхонага санация қўлланилса, унинг солиқ ва бошқа тўловлардан қарздорлиги карантин тугаганидан кейин ундирилиши мумкинлиги белгиланди.
Давлат активларини тадбиркорларга сотиш тизими танқид қилинди, унда ҳалигача бюрократизм сақланиб қолган. Жумладан, аукционга қўйилган айрим ер участкалари ва кўчмас мулк объектларининг инвестиция мажбуриятлари юқорилиги, инфратузилма ривожланмаган жойлардан ажратилгани сабабли уларнинг 53 фоизи кўпдан бери сотилмай турибди. Шунингдек, 57 та туман ва шаҳарда сўнгги 4 ойда тадбиркорлик учун бирорта ер участкаси аукционга чиқарилмаган. Жойларда давлат улуши мавжуд 552 та объект бўш турибди.
Ушбу иншоотларда ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш, айримларида кичик саноат зоналари ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Бундан буён кичик саноат зоналари мулк ҳуқуқи асосида ташкил этилиб, бошқарувга хусусий сектор кенг жалб қилинади. Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳокимликлар билан бирга ушбу кичик саноат зоналари жойини аниқлаш, инфратузилмасига маблағ ажратиш, бошқарувга хусусий секторни кенг жалб қилиш билан шуғулланади. Уларни инфратузилмага улаш учун жорий йилда Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 200 миллиард сўм ажратилади.
Пандемия оқибатларини юмшатиш доирасида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурига ажратилган 1 триллион сўм кредит маблағларини қайтариш муддати узайтирилди. Шу боис, ушбу дастурни тўлиқ амалга ошириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан 100 миллион доллар ресурс ажратилди.
Президентимиз маҳсулот, ускуна, хомашё ҳамда айланма маблағлар учун кредит олишда тадбиркорларга ўрнатилган барча чекловлар олиб ташланиши кераклигини таъкидлади. Марказий банкка кичик бизнес ва оилавий тадбиркорлик субъектларига кредитлар бериш шартларини соддалаштириш бўйича топшириқ берилди.
Маҳсулотларга талабни яратиш учун савдо фаолиятини рағбатлантириш, аҳолининг истеъмол қобилиятини ошириш мақсадида истеъмол кредитлари беришни кенгайтириш лозимлиги қайд этилди.
Йиғилишда тижорат банклари олдидаги вазифаларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Халқ қабулхоналари ва Бош вазир қабулхоналарига келган мурожаатларнинг 55 фоизи банк кредитлари билан боғлиқлиги бу борадаги муаммолар кўламини кўрсатади. Шунингдек, банк хизматлари бўйича тадбиркорлар мурожаатлари Миллий банкда 10 фоиз, Микрокредитбанкда 11 фоиз, Агробанкда 13 фоиз ижобий ҳал қилинган, холос.
Президентимиз банк фаолиятига мижозларга хизмат кўрсатиш сифатига қараб баҳо берилишини алоҳида қайд этди.
Тижорат банклари кичик бизнес ривожида муҳим бўғин экани, ҳар бир тумандаги “ўсиш нуқталари”га маблағ йўналтириб, тадбиркор ва фуқароларни қўллаб-қувватлаши зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда тадбиркорлар билан ишлашда сусткашликка йўл қўйган айрим туман ва шаҳар ҳокимларини вазифасидан озод қилиш бўйича кўрсатма берилди.
Мутасаддилар йиғилишда муҳокама қилинган масалалар ижросини ташкил этиш юзасидан ахборот берди.






