Қорақалпоғистон Республикасида 6 нафар, Наманган вилоятида эса яна 5 нафар коронавирус инфекциясига чалинган беморлар тузалди ва реабилитацияга кузатилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.
Қорақалпоғистонда тузалиб чиққанларнинг барчаси эркак бўлиб, Россиядан келган ва карантинга олинган. Касаллик аниқлангач, шифохонага ётқизилган. Соғайганларнинг 3 нафари Бухоро вилоятидан, 2 нафари Хоразм вилоятидан, 1 нафари эса Навоий вилоятидан. Улар орасида энг ёши каттаси 48 ёшда бўлса, энг кичиги 21 ёшда.
Қорақалпоғистон Республикасида шу пайтга қадар 112 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда уларнинг сони 118 нафарга етди.
Наманганда тузалиб чиққанларнинг барчаси коронавирусга чалинганлар билан мулоқот қилиб, касалликни юқтириб олишган. Уларнинг 1 нафари эркак, 4 нафари аёллардир. Соғайганларнинг барчаси Наманган вилоятидан (4 нафари Наманган туманидан, 1 нафари эса Наманган шаҳридан). Улар орасида энг ёши каттаси 66 ёшда бўлса, энг кичиги 14 ёш.
Вилоятда шу пайтга қадар 214 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда уларнинг сони 219 нафарга етди.
Айни пайтда мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар сони 2349 нафарни ташкил этмоқда.






