Сардоба сув омборининг ўпирилиб кетиши, бунинг натижасида Сирдарё вилоятининг айрим аҳоли пунктларига зарар етганди, айни вақтда талофат оқибатлари жадаллик билан бартараф этилмоқда.
Ушбу нохуш воқеани эшитган ҳар бир юртдошимиз борки имконият даражасида сирдарёликларга ёрдамга шошилдилар, оғир дамларда уларнинг дардига шерик бўлишди. Айниқса Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг воқеа жойида бошпанасиз қолган юзлаб оилаларнинг ҳолидан бир неча марта хабар олиши, талофатдан зарар кўрган Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманлари аҳолисига ўз вақтида кўрсатилган руҳий ҳамда амалий кўмак бўлди.
Воқеанинг дастлабки кунлариданоқ республикамизнинг бошқа вилоятларида истиқомат қилаётган ҳамюртларимиз Сирдарё халқига саховат ва мадад кўмагини жўнатишни бошлаб юборишди. Бирин-кетин ўнлаб саховат карвонлари турли ҳудудлардан белгиланган манзилга етиб келди. Ҳукумат миқёсида зудлик билан кўрилган чора-тадбирлар, Бош вазирнинг талофат оқибатларини бартараф қилиш комиссияси раҳбари этиб тайинланиши ҳам тушкун қалбларга малҳам бўлди.
Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Қурилиш вазирликлари, Миллий гвардия ходимлари ҳамда мамлакатимизнинг барча вилоят, шаҳарларидан келган минглаб кўнгиллиларнинг бир ёқадан бош чиқариб амалга ошираётган саъй-ҳаракатлари туфайли Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманлари аҳолиси қалбида эртанги нурли кунларга ишонч пайдо бўлди.
Айниқса, Ватан ҳимоячилари бўлмиш ҳарбий хизматчиларнинг жойларда амалга ошираётган ишларидан аҳоли ва қурувчилар мамнун эканлиги кузатилмоқда. Барча ҳарбий округлардан келган ҳарбийлар тозалаш ишларини тартибли ва тезкорлик билан олиб бориши натижасида қурилиш жамоаларининг қурилиш ҳамда таъмирлаш жараёнига киришиши учун имконият яратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, мудофаа вазири ҳамда бошқа тегишли мутасадди ташкилотларнинг масъул раҳбарлари талофатдан жиддий зарар кўрган Сардоба туманининг Қўрғонтепа маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, бу ерда олиб борилаётган таъмирлаш ва тиклаш ишларини бевосита кузатишди. Маълумки, Қўрғонтепа маҳалла фуқаролар йиғинида 166 та хонадон тураржойларини таъмирлаш ишлари ташкил қилинган. Мазкур таъмирлаш ишларига Марказий ҳарбий округ ҳарбий хизматчилари, Навоий ҳамда Хоразм вилоятларидан келган қурувчилар ва кўнгиллилар жамоалари жалб этилган. Ўз навбатида ҳарбий хизматчилар, қурилиш ва кўнгиллилар жамоалари Қўрғонтепа маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисининг ўз яшаш жойларига тезроқ қайтиши учун туну-кун меҳнат қилишларини таъкидладилар.
Эътиборли томони шундаки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам Қўрғонтепага ташриф буюрганди ва таъмирдан чиққан дастлабки уйларни кўздан кечирганди. Давлатимиз раҳбари уй-жойларни хатловдан ўтказиш, тозалаш, таъмирлаш, том ёпиш, пардозлаш, бўёқлаш, жиҳозлаш, ҳовлиларни тартибга келтириш, ободонлаштириш, пол ишлари, девор ва қўшимча бинолар қурилиши, иситиш тизими, электр, ичимлик суви таъминоти бўйича лойиҳалар юзасидан керакли маслаҳатлар берди. Талофатдан кейин олиб борилган ишлардан сўнг ўз уйларига қайтган фуқароларга яратиб берилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Қисқа қилиб айтганда, Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларида талофатдан зарар кўрган йўллар, кўприклар, аҳоли тураржойлари қайтадан таъмирланмоқда, бунёд этилмоқда. Ўз навбатида бу каби эътибор натижасида бошпанасидан ажралган фуқароларда синовли кунларни тезроқ унутиб, келажакка ишонч билан қарашга ундаяпти.
Тез фурсат ичида Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманлари нафақат Сирдарёда, балки бутун Ўзбекистон миқёсида янгича кўринишда бўй кўрсатишга ишониб қоламиз. Негаки, вилоятнинг бу туманларида бунёд этиладиган биноларда пойтахтнинг салобатию, Фарғона водийси шаҳарларининг гўзаллиги, Самарқанд, Бухоро, Хоразмнинг тарихий анъаналарга уйғунлашган тимсоли ва бошқа вилоят ҳамда шаҳарларнинг таровати акс этиши, шуҳбасиз.
Асрор РЎЗИБОЕВ, журналист






