Айни пайтда Ўзбекистонда "Сўнгги қўнғироқ" тадбири онлайн тарзда бошланди.
Ўқувчиларнинг кайфиятини кўтариш ва уларга ёқимли хотиралар тақдим этиш мақсадида Uzreport ТВ, Халқ таълими вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда “Сўнгги қўнғироқ” онлайн лойиҳасини ташкил қилишга қарор қилган.
Бугун “Сўнгги қўнғироқ” онлайн тадбирида мактаб директорлари, ўқитувчилар ва ота-оналар битирувчиларни байрам билан онлайн тарзда табриклашади. Шунингдек, битирувчиларнинг ўзлари ҳам жонли эфирда ўз дўстлари ва устозларига тилаклар билдириш имконига эга бўлишади. Ижтимоий тармоқлардаги ўз постларида #bitiruvchi2020online хештегидан фойдаланган ҳолда ҳар бир инсон ушбу байрамга қўшилиши мумкин.
Ва албатта тадбир ниҳоясида сўнгги қўнғироқ жиринглаб, “Хайр, мактабим” қўшиғи биргаликда куйланади.
“Сўнгги қўнғироқ - битирувчилар ва уларнинг оилалари доимо орзиқиб кутадиган анъанадир. Мавжуд вазият туфайли биз ўқувчиларни қўллаб-қувватлашга қарор қилдик, шу сабабли, мазкур тадбирни онлайн равишда ташкил этмоқдамиз. Умид қиламизки, бу тадбир мактаб ўқувчилари учун анъанавий байрамнинг ажойиб муқобили бўлиб, катта ҳаётга қадам қўяётган ёшларга позитив кайфият бахш этади”, - деди Uzreport ТВ бош муҳаррири биринчи ўринбосари Алишер Азимов.
Тадбирни айни дақиқаларда Uzreport ТВ да ҳамда телеканалнинг Facebook (https://www.facebook.com/uzreport.tv/) ва YouTube (https://www.youtube.com/user/uzreport/)даги саҳифалари орқали жонли эфирда томоша қилиш мумкин.
Ушбу оммавий тадбирда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мактаб битирувчиларига мурожаат қилди ва уларни табриклади.