Шу йилнинг 25 май куни Андижон вилоятининг Избоскан ҳамда Жалақудуқ туманларида “Соғлом хаёт учун 5000 қадам” акцияси ўтказилган. Унда туманлар аҳолиси, жумладан нуроний отахон ва онахонлари, Ёшлар иттифоқи фаоллари ва ташаббускор ёшлар, туманлардаги спорт бўлими ҳамда фаол аҳоли қатлами белгиланган масофада пиёда юришган.
Аммо ушбу акция айни карантин вақтида, одамларга "Уйда қолинг" дея бонг урилаётган бир вақтда ўтказилгани ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга, истеҳзоларга сабаб бўлди. Жумладан, ҳуқуқшунос, блогер Хушнудбек Худойбердиев Жалақудуқда ўтган пиёда юриш акцияси ҳақида фикр билдирар экан, марафонда "ижтимоий масофа сақланмагани, одамлар коронавирусга тест топширмагани, нари борса, иситма ўлчангани, иштирокчиларнинг катта қисми қариялар - отахон ва онахонлар экани"ни таъкидлайди.
"Пандемия пайтида энг кўп асраб-авайлашимиз керак бўлган инсонлар бу - кексаларимиз эмасми?! Ахир айнан кексаларнинг ҳаёти кўпроқ хавф остида деб роса жавраган эдикку! Қайси виждон билан шунақа синовли пайтда қарияларимизни кўчага ёнма-ён териб қўйиб, пиёда юрдиряпмиз?
Буларни назорат қиладиган бирор инсон борми? Ёки ҳамма кўр, ҳамма кар, ҳамма гунгми?
Кечирасизлару, Ўзбекистоннинг бошқа чеккаларида ҳатто яқин инсони вафот этса ҳам тириклар соғлиғидан хавотир олингани учун жанозаларда одам кўпайтиришга рухсат берилмаяпти. Узоғи 5-10 киши билан сўнгги манзилга кузатишмоқда. Буёқда эса юзлаб одамлар ёнма-ён пиёда юрмоқда.
Ҳаммаси хўжакўрсин, ҳаммаси кўзбўямачилик... На хохолаб кулишингни билмайсан, на ўкириб йиғлашингни..." деб ёзади Х.Худойбердиев.

Ушбу танқидларга Жалақудуқ тумани ҳокимлиги Матбуот хизмати муносабат билдирди.
Муносабатда “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” акциясини ўтказиш бўйича давлат раҳбари 21-22 май кунлари Андижон вилоятига қилган ташрифи чоғида таклиф ва кўрсатма бергани, бундан мақсад - аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини янада яхшилаш экани қайд этилади.
Ҳамда ушбу акция Жалақудуқ тумани ҳокими Фурқатбек Бузруков бошчилигидаги сектор раҳбарлари, туман Санитария-эпидемиология осойишталик маркази мутахассислари, туман тиббиёт бирлашмаси масъуллари назоратида карантин тартиб-қоидаларига амал қилган ҳолда ташкил қилингани, барча иштирокчилар ва акция ўтказилган ҳудуд дезинфекция қилингани айтилади.






