Аввал хабар қилинганидек, 27 май куни давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев туризм ва давлат активларини хусусийлаштириш соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, тақдимотда давлат активларини хусусийлаштириш, бўш турган объектлар ва ер майдонларини аниқлаш ҳамда улардан самарали фойдаланиш, давлат иштирокидаги корхоналарда корпоратив бошқарувни жорий этишга доир режалар ҳақида маълумот берилди.
"Бугунги кунда мамлакатимизда 2 минг 965 та давлат иштирокидаги корхона мавжуд. Уларнинг аксарияти эски усулда, самарасиз ишламоқда. Ушбу корхоналарнинг ярмидан кўпи ҳатто дивиденд тўлаш имконига эга эмас.
2019 йил 11 декабрь куни Президент ҳузурида ўтказилган йиғилишда ушбу корхоналарни бозор принциплари асосида ислоҳ қилиш, хусусий инвесторларга сотиш бўйича топшириқлар берилган эди. Шундан келиб чиқиб, республика бўйича ялпи хатлов ўтказилди.
Йил бошидан бери 299 та давлат активлари 348 миллиард сўмга сотилди. Янги инвесторлар ушбу объектларга жами 3,3 триллион сўм инвестиция киритиб, 4 минг 700 нафар янги иш ўринлари яратиш мажбуриятини олган.
Хусусан, собиқ “Чорсу” меҳмонхонаси, “Самарқандкимё” корхонаси, “Ўзбекистон” меҳмонхонасидаги давлат улуши, Қўнғирот сода заводи сотилди. Бу объектларга 425 миллион доллар инвестиция киритилиб, 800 та янги иш ўринлари яратилади" дейилади хабарда.
Президент соҳадаги ишларни давом эттириб, яна 1 минг 400 га яқин давлат активларини хусусий инвесторларга беришни тезлаштириш зарурлигини таъкидлаган. Шунингдек, 500 дан зиёд бозорларни хусусийлаштириш бўйича топшириқ берган.






