АсосийЖАМИЯТ

“Ўзбекистон" меҳмонхонасининг давлат улуши қанчага ва қаерга сотилгани маълум бўлди

Аввалроқ Ўзбекистондаги йирик меҳмонхона ва корхоналарнинг, хусусан,  собиқ “Чорсу” в...

'“Ўзбекистон" меҳмонхонасининг давлат улуши қанчага ва қаерга сотилгани маълум бўлди'ning rasmi

Аввалроқ Ўзбекистондаги йирик меҳмонхона ва корхоналарнинг, хусусан,  собиқ “Чорсу” ва “Ўзбекистон” меҳмонхоналари, “Самарқандкимё” корхонаси, Қўнғирот сода заводининг давлат улуши инвесторларга сотилгани ҳақида хабар қилинганди. 

Давлат активларини бошқариш агентлиги "Ўзбекистон", яъни "Otel Uzbekistan" МЧЖ ҚКнинг 80,1 фоиз давлат улуши қандай шартлар асосида ва қайси компанияга сотилганини маълум қилди. 

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 августдаги "Меҳмонхона соҳасига қўшимча инвестицияларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 661-сон қарорига мувофиқ, "Otel Uzbekistan" МЧЖнинг 80,1 фоиз давлат улуши оммавий савдоларда сотилиши белгиланган.

Шунга мувофиқ, Агентлик томонидан "Otel Uzbekistan"нинг ушбу улуши дастлаб, 33,0 млн. АҚШ долларига танлов савдолари орқали сотувга чиқарилган. Мазкур давлат улушини сотиш шартлари этиб харид тўловини тўлашдан ташқари, 2 йил муддатда 100,0 млрд. сўм инвестиция киритиш; давлат улушини сотиб олгандан сўнг 10 йил давомида асосий фаолият турини (меҳмонхона хизматини кўрсатиш) сақлаш; ташқи фасадини ўзгартирмасдан меҳмонхонани таъмирлаш; меҳмонхонани бошқаришга энг яхши менежерларни жалб қилиш белгиланганди.

Юқорида кўрсатилган нархда (33,0 млн. АҚШ долларига) талабгорлардан мурожаат тушмаганлиги сабабли, давлат улушининг бошланғич нархи Президентнинг 2014 йил 3 июлдаги "Давлат мулки объектларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига сотиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" қарорига асосан, 10 фоиздан босқичма-босқич 30 фоизгача пасайтирилган ҳолда 23,1 млн. АҚШ доллари нархида танлов савдоларига чиқарилган.

Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан салоҳиятли инвесторларни жалб этиш мақсадида меҳмонхона бизнеси ва туризм соҳасида фаолият юритаётган Буюк Британия, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Сингапур давлатларининг бу соҳадаги таниқли кампаниялари билан музокаралар олиб борилган.

Музокаралар якуни бўйича якуний таклиф берган 6 та компанияларнинг таклифлари ўрганиб чиқилган. Ўрганиш натижалари бўйича, меҳмонхонанинг давлат улушини сотиб олиш бўйича "Bashan investment group pte ltd" (Сингапур) компаниясининг - 24 ой мобайнида 23,2 млн доллар тўлаш, 1,5 йил ичида 100 млрд сўм инвестиция киритиш ва 4 юлдузли меҳмонхона ташкил этиш таклифи - Давлат тендер комиссияси томонидан маъқулланган.

Ушбу қарорга асосан, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва "Bashan investment group pte ltd" (Сингапур) компанияси ўртасида юқорида кўрсатилган шартлар асосида "Otel Uzbekistan" МЧЖ ҚКнинг 80,13 фоиз давлат улушини сотиш бўйича шартнома имзоланган.

    Бошқа янгиликлар