Айни пайтда чўл чигирткаларининг катта гуруҳлари Ҳиндистоннинг ғарбий ҳамда марказий қисмидаги экин майдонларини вайрон қилмоқда. Бу ҳолат Ҳиндистонда охирги ўттиз йил ичидаги энг ёмон чигиртка “босқини” эканлиги айтилмоқда.
Ушбу ебтўймас зараркунандалардан азият чекаётган ҳудудларга кимёвий моддалар сочиш учун дронлар, тракторлар ҳамда машиналар юборилган. Чигирткалар аллақачон 50 минг гектардаги экинларни вайрон қилишга улгурган.
“Ҳар бири 1 квадрат километр майдонни эгалловчи 10 га яқин чигиртка тўдаси Ражастон ҳамда Маҳя Прадеш провинцияларида экинларга зарар етказмоқда” дейди ҳукуматнинг чигирткага қарши кураш ташкилоти директори ўринбосари КЛ Гуржар.
Ҳиндистонда 1993 йилдан бери бунчалик катта ҳажмдаги чигиртка тўдаси кузатилмаган,дея хабар берган ташкилот.
Мазкур ҳашаротлар бу икки провинциядаги мавсумий экинларга жиддий хавф солмоқда ҳамда ўзи шундоқ ҳам коронавирус туфайли жорий қилинган чекловлар сабаб қийинчиликка дуч келаётган фермерларга яна бир жиддий муаммо туғдирди. Мутахассислар ҳолат янада ёмонлашиб, июнь ойида Африкадан Покистон орқали Ҳиндистонга яна чигирткалар бостириб келиши мумкинлигидан огоҳлантиришган.
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти берган маълумотларга кўра, 40 миллиондан ташкил топган чигиртка тўдаси 35 минг кишига ёки олтита филга етадиган овқатни еб битириши мумкин.






