Молия вазирлиги Давлат молиявий назорати департаменти томонидан жорий йилнинг 15-18 май кунлари короновирус билан касалланган беморлар даволанаётган соғлиқни сақлаш муассасалари ва бу жараёнда иштирок этаётган бошқа муассасаларда ўтказилган назорат тадбирларида Самарқанд вилоятида 61 нафар тиббиёт ходимларига 1,2 млрд. сўм рағбатлантириш пулларини тўланишида кечикиш аниқланганлиги айтилган эди.
Мазкур хабар юзасидан Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси қуйидагиларни маълум қилди:
"Жорий йилнинг 1 майида вилоятда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида тизимда иш унумдорлигини янада ошириш ҳамда ходимлар томонидан ички меҳнат тартиб қоидаларига тўлиқ риоя этиш масаласига қаратилган навбатдаги ижро аппарати йиғилиш баёнида белгиланган топшириқларга биноан инқирозга қарши ташкил этилган жамғармадан берилаётган 6 фоизлик қўшимча маблағ ҳамда карантинга бириктирилган ходимларнинг иш ҳақлари, штатларнинг тўғри тақсимланишига, шунингдек, уларнинг ҳисоб-китобини юритиш ишлари бошқарманинг бош иқтисодчиси С.Исламов зиммасига юклатилган.
Тиббиёт ходимларига маблағ ажратиш учун молия бош бошқармасига тақдим этиладиган талабномани ўрнатилган тартибда, ўз вақтида тақдим этмаганлиги аниқланганлиги сабабли вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг бош мутахассиси (иқтисодчиси) С.Исламов ўз вазифасидан озод этилганлигини маълум қиламиз, дейилади бошқарма баёнотида.





