Монополияга қарши курашиш қўмитасини Олий Мажлисга ҳисобдор этиб белгилаш масаласини кўриб чиқиш топшириғи берилди
Президент Шавкат Мирзиёев раисилигида ўтказилган йиғилишда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар ҳам батафсил таҳлил қилинди (https://president.uz/uz/lists/view/3610).
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида кўп гапирилади, лекин амалда бу тизим тўла ташкил қилингани йўқ. Буни талаб қиладиган муҳит йўқ, билим йўқ, оммавий ахборот воситаларида тарғибот етишмайди, – деди давлат раҳбари.
Ўтган йилда истеъмолчилардан тушган 11 мингдан ортиқ шикоятларнинг 50 фоизи коммунал ва транспорт, 25 фоизи савдо, қолган 25 фоизи алоқа, молиявий хизматлар ва бошқа соҳаларга оид бўлган.
Бунга асосий сабаб – монопол корхоналар ўз манфаатига мослаб ҳужжатлар ишлаб чиққан бўлиб, уларда истеъмолчилар манфаати тўлиқ инобатга олинмаган.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг ваколатларини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Йиғилишда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолиятини тубдан такомиллаштиришга доир қарор лойиҳаси тайёрлаш вазифаси қўйилди.
Қўмитани истеъмолчиларнинг манфаатларини тўғридан-тўғри ҳимоя қиладиган халқ вакиллик органи – Олий Мажлисга ҳисобдор этиб белгилаш масаласини кўриб чиқиш топшириғи берилди.






