“Ўзбеккино” Миллий агентлигида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Электрон ОАВ миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда “Ўзбеккино” МА агентлиги кўмагида Ўзбекистон Республикаси президентининг “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони муҳокамасига бағишланган брифинг ташкил қилинди. Брифинг мавзуси янги Фармонда кўзда тутилган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиб бериш масалаларига қаратилди.
Брифингда давлат ва нодавлат теле-радиоканаллар раҳбарлари, журналист ва блогерлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков таъкидлаб ўтганидек, ушбу муҳим ҳужжатнинг бутун дунё мамлакатлари бошдан кечираётган коронавирус пандемияси шароитида, жумладан, мамлакатимиз учун ҳам синовли кунларда қабул қилиниши давлатимиз раҳбарининг маданият ва санъат ривожига қанчалик катта эътибор қаратаётганидан далолат беради.
Ушбу ҳужжатни ишлаб чиқишда барча манфаатдор соҳа вакиллари томонидан илгари сурилган таклиф ва талаблар инобатга олинди. Маданият ва санъат соҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган Фармоннинг қабул қилиниши жамиятимиз учун муҳим қадам бўлди.
Бўлиб ўтган учрашувда давлат ва ноддавлат телеканалларининг вакиллари Фармонда кўзда тутилган маданий-маърифий мавзуларни мамлакатимиз теле-радио каналларида тарғибот қилиш, ёш авлодни маданий ва маърифий меросимизни ўрганишга қизиқтириш, уларнинг маънавиятини юксалтириш, янги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини халқ онгига чуқур етказиб бериш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Онлайн-форматда ўтган брифингда ҳудудий телестудиялар вакиллари ҳам иштирок этди.
Мулоқот чоғида юртимиздаги нодавлат телеканаллар ва Ўзбекистон ЭОАВМА вакиллари таъкидлаб ўтганидек, маданият ва санъат соҳасидаги кенг қамровли ислоҳотларни ҳаётга жорий қилишда нодавлат теле ва радиоканалларнинг тутган ўрни ниҳоятда муҳим. Бугунги кунда ёшларимизнинг қандай инсон бўлиб вояга етиши републикамиздаги ОАВлар ва телеканаллар фаолиятига х,ам боғлиқ. Шу сабабдан, Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда маданий-ўқув оммабоп дастурларини тайёрлаш ва янги медиалойиҳаларни фаол жорий қилишга киришиш лозим.
Тадбир хотимасида томонлар ягона медиа-режа ҳамда меморандум ишлаб чиқиш ва имзолашга келишиб олишди.






