Россияда мигрантлар учун ихтисослашган меҳнат биржаларини ташкил этиш ва вақтинчалик муқобил иш жойларини таклиф қилиш режалаштирилмоқда.
Коронавирус пандемияси оқибатларидан келиб чиқиб, мамлакатдаги миграцион ҳолат таҳлил қилинган. Мутахассислар меҳнат мигрантлари билан боғлиқ муаммоларнинг ечимига қаратилган қисқа (жорий йил якунига қадар) ва узоқ муддатли (2-3 йиллик) вариантларни таклиф этишган.
Таклиф этилаётган меҳнат биржаларида нафақат қонуний, балки ноқонуний мигрантларни ҳам рўйхатга олиш мумкин бўлади. Уларни рағбатлантириш учун тиббий хизматларни тақдим этувчи полис таклиф этилади.
Фуқаро ушбу биржаларда рўйхатдан ўтса, унинг мақоми аниқланади ва унга озиқ-овқат тўплами, биринчи зарурат учун буюмлар ёки пул шаклида ижтимоий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилади.






