Аввал хабар берганимиздек, миллиардер тадбиркор Илон Маскка тегишли махсус ракета компанияси СпасеХ, 27 май куни Флорида штатидан орбитага икки нафар америкалик фазогирни учиришни режалаштирган эди. Аммо парвоз ёмон об-хаво туфайли сўнгги 17 дақиқа ичида қолдирилишига тўғри келган эди.
Бугун, айнан, роппа-роса икки соатдан кейин, Тошкент вақти билан 00:22 да «СпасеХ» компанияси космосга икки фазогирни учиришга яна бир бор уриниб кўриши хабар қилинди.
Эслатиб ўтамиз, бу миссия иккита сабаб билан катта тарихий аҳамиятга эга:
Аввало, АҚШ 2011 йилдан бери космосга одам учириш имкониятига эга бўлмай келаётган эди. Чунки шу йили фазогирларни Халқаро фазо станциясига жўнатиш билан шуғулланган "Спасе Шуттле" дастури тўхтатилган. Ўтган қарийб 10 йил давомида АҚШ астронавтлари космосга Россиянинг «Союз» кемасида учмоқда. Агар бугунги парвоз муваффақиятли амалга ошса, АҚШ космосга одам жўнатиш бизнесига расман қайтади.
Воқеанинг иккинчи тарихий аҳамияти шундаки, инсоният илк бор космосга одамзотнинг хусусий компания томонидан учирилишига гувоҳ бўлмоқда. Тарихда бунақаси бўлмаган.
Нафақат одам жўнатиш, умуман, фазога ракета учириш билан хусусий компаниялар шуғулланиши мумкинлиги 10-15 йил олдин ҳеч кимнинг тасаввурига ҳам сиғмас эди. Бу иш билан фақат қудратли ва саноқли давлатларгина шуғулланга олган. Бугун бу ўзгарди. Технологик инновациялар бўйича хусусий компаниялар ҳатто космик тадқиқотлар учун масъул давлат ташкилотларидан ўзиб кетди.
НАСА учун одам жўнатиш бу хусусий космик туризмнинг фақат бошланиши. «СпасеХ» компанияси асосчиси Илон Маскнинг энг катта орзуси Марс сайёрасида одамлар доимий яшовчи колония қуриш. У бу мақсадга тириклик пайтида етишига ишонади ва умрининг сўнгги кунларини Марсда ўтказишни хоҳлайди.
Насиб қилса, бу воқеаларга биз ҳам гувоҳ бўламиз, балки ҳатто бу жараёнларнинг иштирокчисига айланишимиз мумкин.
Тарихий парвозни жонли томоша қилинг (трансляция аллақачон бошланган):






