АсосийДУНË

Илон Маск коинотни забт этди. Фазогирларни учиришдан мақсад нима? (Видео)

Кеча 30 май куни АҚШнинг Кеннеди космодромидан  "Space X" компаниясининг "Falcon 9" р...

'Илон Маск коинотни забт этди. Фазогирларни учиришдан мақсад нима? (Видео)'ning rasmi

Кеча 30 май куни АҚШнинг Кеннеди космодромидан  "Space X" компаниясининг "Falcon 9" ракетаси учига ўрнатилган «Dragon» капсуласида икки америкалик астронавт Халқаро фазо станциясига учди. Бу воқеага тайёргарлик жараёнлари трансляциси сайтда эълон қилинган эди.

2011 йилдан бери АҚШ илк марта ўз ҳудудидан космосга фазогир учирмоқда. Бу иш хусусий компания томонидан инсоният тарихида биринчи марта амалга ошди.

Бу парвоз аслда 27  май куни амадга оширилиши белгиланганди. Аммо об-ҳаво ёмонлиги сабабли қолдирилганини маълум қилгандик.

2011 йилдан бугунгача АҚШ ўз фазогирларини Россия космик кемасида учириб келаётган эди. 

АҚШнинг НАСА агентлиги олти йил олдин космосга одам учириш дастурини тарихда илк бор хусусий компанияларга топширди. Бунинг учун «Space X»га $3,4 млрд., «Boeing» компаниясига эса $4,8 млрд. маблағ берилган. Уларнинг ҳар бири бир-биридан мустақил равишда фазога одам учирадиган ракета яратиш устида иш олиб борди.Илон Маскка тегишли компания "Space X» биринчи бўлиб бу ишни бажарди. Кўпроқ маблағ олганига қарамай, «Boeing»нинг «Starline» космик кемаси ҳалигача тайёр бўлгани йўқ.

«Space X» машҳур миллиардер ишбилармон Илон Маскка тегишли. Унинг электромобиллар ишлаб чиқарувчи «Тесла», ерости туннель йўлларини қазувчи "Boring Company", "Neuralink" невотехнология корпорацияси ва сунъий интеллект устида ишловчи «OpenAI» каби яна кўплаб компаниялари бор.

Бугунги миссия НАСА томонидан амалга оширилди. Яъни буюртмачи давлат ташкилоти, ижрочи эса хусусий «SpaceX» компанияси.

НАСАнинг мақсади - Халқаро фазо станциясига фазогирларни чиқариш ва у ерда олиб борилаётган тадқиқотларни давом эттириш. Айни пайтда бу станцияда икки россиялик ва бир америкалик астронавт бор. Бугунги икки фазогир ҳам уларга бориб қўшилади. У ерда астронавтлар космоснинг одам соғлигига, турли биологик мавжудотларга таъсирини ҳамда бошқа тадқиқотларни амалга оширади. Бу космосни тадқиқ қилишга бағишланган узоқ муддатли халқаро лойиҳаларнинг бир қисми.

"SpaceX"нинг мақсади эса космик туризмни бошлаш. Шунга имкон берадиган, яъни одамни космосга учира оладиган кема бугун синовдан ўтказилди. Ҳаммаси муваффақиятли тугаса, энди фазо туризмига ҳам рухсат берилади. Яъни "SpaceX" бундан буён оддий фуқароларни ҳам космосга учиришни бошлайди.

"SpaceX" одамларни дастлаб ер атрофида айлантиришни, Ойга учиришни ва ниҳоят Марсга юборишни режалаштирмоқда.

Компания асосчиси Илон Маск Марсда одамлар доимий яшовчи колония яратиш энг асосий орзуси эканини айтган. Унга кўра, ерда сунъий интеллект ва роботлар ривожланиб кетиб, инсоният ҳаёти хавф остида қолиши мумкин. Марс - одамлар қочиб борадиган манзил вазифасини ўташи керак. 

Кейинги пайтда дунёда юзага келаётган пандемия ва бошқа хавф-хатарлар инсоният тамаддунига таҳдид солмоқда. Бу воқелик олимларни тезроқ фазони забт этишга ундамоқда. Бу борада Илон Маскнинг хусусий космик кемаси илк қадам ташлади.

    Бошқа янгиликлар