МИБнинг Пахтачи тумани бўлими давлат ижрочиси Н. Алиев (барча исм-шарифлар ўзгартирилган) қўлига келиб тушган ижро ҳужжати — фуқаро Г.Пўлатовадан содир этган жинояти оқибатида етказилган салкам 20 миллион сўмни ундириш мақсадида қарздорнинг турмуш ўртоғига тегишли «Спарк» русумли машинасини хатлаб, жарима майдончасига тиққан.
Бироқ мазкур автоулов эр-хотиннинг умумий мулки бўлмай, машина никоҳидан аввал сотиб олинган эди. Бу исботини топгач, МИБ ижрочиси энди қарздорнинг уйидаги тўрт бош сигирни олиб кетган. Аммо сигирлар ҳам аёлнинг қайнотасига тегишли бўлган.
Қайнота судга мурожаат қилиб, қанча ҳаракат-у харажат билан сигирларини қайтариб олган.
Пичоқ суякка етгач, Г.Пўлатова давлат ижрочисининг ёнида юрадиган А. Валиевга мурожаат қилган. У эса Н.Алиев 5 миллион сўм сўраётганини айтган. Шунча маблағ эвазига аёлнинг ишини «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонунининг «40-моддаси» орқали ҳал этмоқчи бўлган. (Ушбу моддада ижро этиш имконияти йўқ суд қарорлари тоифаси белгиланган бўлиб, ижро ҳужжатлари қайтариб юборилади).
Аёл бунча пули йўқлигини билдириб, келишишга уринади, шу тариқа миқдор 4 миллионга, сўнг 3 миллион сўмга тушган.
«Музокараларнинг сўнгги босқичи» МИБнинг Пахтачи туман бўлими биносида, бюронинг яна бир ходими М.Худойбердиев гувоҳлигида ва унинг хизмат хонасида бўлиб ўтади. Бироқ «ставка» 3 миллиондан тушмаслигига амин бўлгач, Г.Пўлатова МИБ биносидан чиқиб, тўғри тегишли органга ариза ёзган.
МИБ ижрочиси 3 миллион сўм пора билан қўлга олинди. Бўлиб ўтган судда у пора олганликда айбланиб, беш ярим йилга «кесилди». Унинг «югурдаги» ҳам жиноят ишига шерик сифатида жалб этилган, унга эса уч йил берилди.
Яна бир МИБчи М.Худойбердиев ҳам жавобгарликка тортилди, унга жиноят ҳақида хабар бермаслик айби билан икки йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди. Бу ҳақда суд ҳукмига таяниб, "Хабар" нашри ёзади.






