Ҳалқимизнинг қадимий ва бой тарихига Тўмарис, Спитамен, Муқанна, Темурмалик, Жалолиддин Мангуберди, Соҳибқирон Амур Темур каби ўнлаб саркардаларнинг номлари зарҳал ҳарфлар билан битилган. Халқимизда ўзининг мана шундай буюк тарихи ва аждодларига муносиб ворис бўлган мард ва жасур йигитлар кўп чиққан. Уарнинг номлари тарихга муҳрланган.
Яқин ўтмишдаги генерал Собир Раҳимов, снайпер Зебо Ғаниева, разведкачи Мамадали Топволдиев, Қудрат Суюновларнинг ҳам ҳар бири қалбимизда фахр ва ғурур туйғусини уйғотади.
Йиллар ўтаверади, зарҳал ҳарфлар билан битилган номларга муносиб авлодлар ҳам келаверади. Шонли анъаналар давомчилари бугунги кунда ҳам кўп. Замон шунчалик тез айланмоқдаки, уларнинг баъзиларини билиб-билмасдан, сезиб сезмасдан қоляпмиз.
Ҳамюртларимизнинг шонли анъаналарини давом эттираётган замонамиз қаҳрамонларидан бири ҳамюртимиз Отабек Бегматов ҳисобланади.
Бу ўктам келбатли йигит қишлоқ шароитида оддий ва меҳнаткаш оилада улғайгани учунми ўта камтарин. У ўзи туғилиб ўсган Сардоба қишлоғида яшайди. Ҳозир Сирдарё вилояти Сардоба тумани ИИБ 10-сон маҳалла ички ишлар гуруҳи ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи таянч пунктлари профилактика инспектори, унвони катта лейтенант.
Ўша изтиробли кун - 2020 йил 1 май Отабекнинг қалбида бир умр муҳрланиб қолган бўлса ажабмас. Чунки 1 май куни эрта саҳарда, соат 05:55да Сардоба туманида жойлашган “Сардоба” сув омборидаги қирғоқ ўпирилиши натижасида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги 32.381 гектар ер майдонида жойлашган 10 маҳалла фуқаролар йиғинининг 19 та аҳоли яшаш пункти ва экин майдонларига сув кирди, талафот анчагина катта бўлди.
Бу тошқин «Қўрғонтепа» маҳалласини ҳам четлаб ўтмади. Айни ўша дамларда – тонг ғира-ширасида ушбу маҳаллада хизмат олиб бораётган профилактика инспектори Бегматов она қишлоғи номи билан аталган “Сардоба” сув омборидаги қирғоқ ўпирилиши сабабли юз берган тошқиндан хабар топганоқ, ўзини йўқотиб қўймай, зудлик билан «Қўрғонтепа» маҳалласи аҳлини овоз кучайтиргич орқали тезда уйларини тарк этишга чақирди, фуқароларни транспорт воситаларда хавфсиз жойга кўчиришда жонбозлик кўрсата бошлади.
Отабек эвакуация ишида фаоллик кўрсатибгина қолмай, тошқинда оқиб кетаётган икки бола – 2006 йилда туғилган Умирзоқова Нигина ва 2009 йилда туғилган Умирзоқова Мадинани сув ичидан олиб чиқиб, ҳаётларини сақлаб қолди ва уларни ҳавфсиз жойга етказиб қўйди.
Баҳорнинг серташвиш, сермашаққат кунларида Отабек Бегматов ўзининг жасур, фидойилигини яна бир бор намойиш этди. Зеро, у тошқин деб аталган рақиб билан юзма-юз келди ва жонини хатарга қўйиб бўлсада, ўзгаларни қутқаришга ҳаракат қилди. Юрагида юрт, эл қайғуси жўш урган, заковатли, матонатли ўғлон бу офат олдида довдираб қолмади. Аксинча, кучига-куч, ғайратига ғайрат қўшилиб, туну-кун воқеа жойида бўлиб эл ташвишига чора излади, жабрдийда кўнгилларга малҳам бўлди.
Шу кунларда COVID-19га қарши курашда ва табиий офатларни бартараф этишда олдинги сафларда туриб хизмат қилаётган ўзбекистонлик турли касб эгалари, шу жумладан Отабекнинг мардлигини Ўзбекистонда Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази алоҳида эътироф этди. Унинг матонати ўсиб келаётган ёш авлодга ўрнак бўлиши шубҳасиз.






