Жорий йилда олий таълим муассасаларига кириш учун ҳужжат топширган абитуриентлар рухсатномаларни ҳужжат топшириш тугаганидан 1 ҳафта ўтиб олиши мумкин бўлади. Бу ҳақда Давлат тест маркази директори Мажид Каримов маълум қилди.
“Aбитуриент сайтга кириб, ўзининг шахсий кабинетида рухсатномани кўради. Унда тест топширадиган вақти, санаси ва жойи кўрсатилади. Бултур жорий қилинганидек, абитуриент исталган жойида имтиҳон топшириши мумкин. Хоҳласа ўз ҳудудида, хоҳласа Тошкентда. Қайси олий таълим муассасасига ҳужжат топширишидан қатъий назар бу имконият бу йил ҳам сақлаб қолинади”, дейди ДТМ директори.
Тест синовлари 3 та сменада ўтказилади. Aбитуриентлар тест бошланишидан 1 соат олдин келиши керак бўлади.
“Пандемия шароитини эътиборга олиб, абитуриентларга қатор талаблар қўйиляпти. Биринчи навбатда улар дезинфекция тўсиғидан ўтиши керак. Ундан ўтгандан кейин, уларни ҳарорати ўлчаниб, ниқоблари янгиланади ва қўлига резина қўлқоп берилади. Шундан сўнггина, улар шахсни идентификацияловчи воситалардан ўтади. Мана шу тайёргарлик ишлари учун абитуриент 1 соат олдин ҳудудда бўлиши талаб этилади”, дейди Мажид Каримов.
Имтиҳонларнинг биринчи сменаси соат 8:00 да бошланади.
Эслатиб ўтамиз, ОТМларга кириш учун ҳужжат топшириш 15 июндан бошланади. Ҳужжатлар тўлиқ онлайн топширилади. Ҳужжат топшириш учун учта платформа ишлаб туради.






