АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда туризм соҳасини тиклашга бағишланган халқаро онлайн конференция ўтказилди

 Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов...

'Ўзбекистонда туризм соҳасини тиклашга бағишланган халқаро онлайн конференция ўтказилди'ning rasmi

 Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов бошчилигида туризм соҳасини тартибга солишда тезкор билим ва тажриба алмашиш масалаларига бағишланган “Тикланиш йўли” халқаро онлайн туризм конференцияси бўлиб ўтди. 

Мазкур халқаро тадбир Ўзбекистон томон ташаббуси билан Бутунжаҳон туризм ташкилоти (БТТ) шафелигида ўтказилди. 

Онлайн конференцияда БТТ Бош котиби Зураб Пололикашвили, Марказий Осиё мамлакатлари, шунингдек, Арманистон, Озарбайжон, Грузия, Россия, Беларусь давлатларининг туризм маъмуриятлари раҳбарлари иштирок этишди.

 Конференция қатнашчилари туризм ва меҳмондўстлик соҳасида COVID-19 пандемиясининг оқибатларини юмшатиш бўйича фикр ва тажриба алмашишди. Шу билан бирга, ички туризмни қайта тиклаш ва халқаро туризм алмашинувига тайёргарлик кўриш бўйича устувор чораларни кўриш масалаларини муҳокама қилишди.

 Хорижий ҳамкорлар Ўзбекистон раҳбарияти томонидан мамлакатда туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш ва тиклаш, санитария-гигиена стандартларини такомиллаштириш ва туризм хизматларини ташкил этишнинг янги талабларига мослаштириш бўйича амалга оширилаётган кенг ва мақсадли чора-тадбирлар билан таништирилди. 

Тадбир иштирокчилари, айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Миризиёевнинг 2020 йил 28 майдаги "Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонида кўрсатилган туризм бозори иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш механизмларига катта қизиқиш билдиришди. 

Азиз Абдуҳакимов Фармонга изоҳ бериб, унда Ўзбекистондаги туризм бозорининг барча иштирокчиларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар кўзда тутилганини таъкидлади. Анжуман давомида Бош вазир ўринбосари иштирокчиларни Президент фармонида келтирилган туризм бозори вакилларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Ўзбекистонда аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган қўшимча мақсадли механизмлар билан таништирди. 

Сайёҳлар хавфсизлигини таъминлашнинг янги механизмлари ва тизимлари тадбир муҳокамасининг асосий мавзуларидан бири бўлди. Россия, Қозоғистон, Грузия ва Озарбайжон каби давлатлар ушбу йўналишда ўзларининг тажриба ва ташаббусларини намойиш этишди. Ў

збекистон томоннинг сайёҳлар санитария-эпидемиологик хавфсизлигини таъминлашга оид янги тизими, яъни «Uzbekistan. Safe travel Guaranteed» (“Ўзбекистон. Хавфсиз саёҳат кафолатланган”) иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Бу ва бошқа кўплаб мақсадли қўллаб-қувватлаш чоралари натижасида жорий йил охирига қадар 450 миллион долларлик туристик хизматларни экспорт қилиш имконияти яратилади. 

Ўз навбатида, БТТ Бош котиби Зураб Пололикашвили юртимизда  коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, туризм бизнесини қўллаб-қувватлаш ва туризм соҳасини тиклаш механизмларини юқори баҳолаб, Ўзбекистонни бу борада намунавий давлат сифатида эътироф этди. 

БТТ раҳбарияти ва конференциянинг қатнашчи мамлакатлари биринчи навбатда ички туризмни қайта тиклаш, шунингдек туризм объектлари ва инфратузилмасининг янги санитария-гигиена талабларига мувофиқлигини ўрганиш, туристик гуруҳларнинг саёҳат йўналиши бўйлаб хавфсизлиги ва ижтимоий масофани сақлаши каби масалалар бўйича келишиб олишди. Тадбир якунида туризм маъмуриятлари раҳбарлари БТТ ва Ўзбекистон Республикасига ушбу конференцияни ўтказиш ташаббуси учун миннатдорчилик билдиришди, ушбу мулоқот форматини инқирозни энг қисқа вақт ичида енгиб ўтиш ҳамда туризм соҳасини тиклаш учун ўз вақтида ва самарали амалга оширилганини таъкидлашди. 

    Бошқа янгиликлар