Хабарингиз бор, 25 май куни UZREPORT TV телеканали Халқ таълими вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда «Сўнгги қўнғироқ» онлайн лойиҳасини ташкил қилди.
Тадбирдан мақсад, карантин талаблари туфайли мактабда йиғилиб, устозлари ва дўстлари билан анъанавий «Сўнгги қўнғироқ» маросимини ўтказа олмаётган битирувчи ва бошқа ўқувчиларга байрамони кайфият улашиш ва унутилмас хотираларни тақдим қилишдан иборат эди.
Мазкур лойиҳа мамлакатимиздаги битирувчиларга маъқул келиб, кўплаб ёшлар онлайн дастур орқали ўз устозлари ва ўқитувчилари дил изҳорларини юборишди. Эндиликда UZREPORT TV телеканали Халқ таълими вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда мактабни якунлаётган ўқувчилар учун онлайн БИТИРУВ ОҚШОМИни ташкил қилишга қарор қилди.
Онлайн дастур давомида устозлар, ўқитувчилар, мактаб директорлари, жамоатчилик вакиллари битирувчиларга ўз тилакларини йўллашади. Шунингдек, машҳур эстрада юлдузлари ўз қўшиқлари билан катта ҳаётга қадам қўяётган ёшларни табриклашади.
Азиз ўқувчилар! Мазкур онлайн БИТИРУВ ОҚШОМИда иштирок этмоқчи бўлсангиз, бизга махсус бот орқали (@битирувоқшомибот) мактаб даврлари, карантин пайтидаги онлайн таълим жараёнида рўй берган қизиқарли воқеалар акс этган қисқа видеороликлар ва фотосуратларингизни жўнатинг. Энг қизиқарли фото ва видеолар онлайн дастур орқали намойиш қилинади!
Шунингдек, #uzreportda_bitiruv_oqshomiхештеги орқали ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифаларингизга дил изҳорларингиз ва тилакларингизни ёзиб қолдиришингиз мумкин!






