1

VIII Халқаро тиббиёт кўргазмаси ўз ишини бошлади

ЖАМИЯТ 30.09.2015, 13:51
VIII Халқаро тиббиёт кўргазмаси ўз ишини бошлади

Жорий йилнинг 29 сентябр куни пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ”да VIII халқаро ихтисослашган “UzMedExpo-2015” тиббиёт кўргазмаси очилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда “UzMedInfo” маркази ахборот хизмати хабар беради.

Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш давлатимизнинг устивор вазифаларидан ҳисобланади. Мамлакатимизда тиббиёт муассасаларининг оптимал тармоғи яратилиб, энг илғор ускуналар билан жиҳозланаётгани самарасида Ўзбекистон аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати бўйича дунёдаги етакчи мамлакатлар сафидан жой олмоқда.

Бугунги кун тиббиётини замонавий тиббий ускуналарсиз, энг янги дори воситаларисиз тасаввур этиш қийин. Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган халқаро тиббиёт кўргазмаси ташхис ва даволаш соҳасидаги энг янги ахборот технологиялари билан танишиш, мамлакатимиз тиббиётига илғор хорижий ишланмаларни татбиқ қилиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга эса ўз фаолиятлари ва эришган ютуқларини намойиш этиш имконини беради.

“Ўзфармсаноат” давлат акциядорлик концерни маълумотларига кўра, 2014 йилда умумий қиймати 309,45 миллион АҚШ долларига тенг 31 та янги инвестиция лойиҳаларини ижро этишга киришилган, 2015 йилда 23 та лойиҳани якунлаш кўзда тутилмоқда. Ушбу амалий ҳаракатлар натижасида ампула, таблетка ва инфузия препаратлари, шиша фармацевтика идишлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган қўшимча замонавий юқори технологик қувватлар ишга туширилди. Бунинг натижасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар суюқ дори воситаларига, боғлаш материалларига бўлган талабни тўлиқ қондиришмоқда. Таблеткалар, инъекция ва инфузия эритмалари, мазлар, антибиотиклар, иммунобиологик препаратларга бўлган талаб 20 фоиздан 40 фоизгача қопланмоқда.

“UzMedExpo” халқаро тиббиёт кўргазмаси соҳа мутахассисларини тиббий-илмий янгиликлар ва ишланмалар, инновацион лойиҳалар билан таништириш, маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг ўзаро алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

– Бугун ўзбекистонлик мутахассисларни мамлакатимизда кўрсатилаётган тиббий хизматлар билан таништириш мақсадида Беларус Республикаси Соғлиқни сақлаш Вазирлиги вакили сифатида иштирок этмоқдамиз, – дейди Беларус Республикаси клиник стоматология поликлиникаси стоматология бўлими бошлиғи Оксана Граховская. – Беларусда тиббиёт туризми фаол ривожланмоқда ва бу давлатларимизнинг соғлиқни сақлаш соҳасида ўзаро муносабатларини янада яхшилашидан умид қиламиз.

– Мен мазкур кўргазмада компаниямиз маҳсулотларини намойиш этиш имконияти туғилганидан, шунингдек, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлигини йўлга қўйиш имкониятидан жуда хурсандман, – дейди «ULTRA SCANNER TECHNOLOCY SERVICE» МЧЖ вакили – SAMSUNG MEDICON компаниясининг Ўзбекистандаги расмий дистрибьютори Ким Сун Хак. – Кўргазма стендлари билан танишиб, Ўзбекистонда тиббий муассасаларнинг барча бўғинларида юқори технологиялар асосида хизмат кўрсатиш яхши йўлга қўйилганига амин бўлдим.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, “Дори-дармон” акциядорлик компанияси, “Ўзфармсаноат” давлат акциядорлик концерни, Хорижий фармацевтика компаниялари ва ишлаб чиқарувчиларнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари уюшмаси томонидан “IEG Uzbekistan” халқаро кўргазма компанияси кўмагида ташкил этилган “UzMedExpo-2015” тиббиёт кўргазмасида Ўзбекистон, Хитой, Германия, Швеция, Украина, Россия, Франция, Исроил, Туркия сингари давлатлардан ўнлаб корхона ва фирмалар иштирок этмоқда. Кўргазма стендларида дори-дармон, тиббий диагностика, лаборатория ва даволаш ускуналари, табиий фармацевтика ва косметика маҳсулотлари, рентгенология, стоматология, физиотерапия, жарроҳлик, кардиология, тиббий реабилитация ва бошқа соҳаларда қўлланиладиган янги препаратлар, техника ва технологиялар, санитария ва гигиена воситалари, тиббиёт соҳаси учун махсус мебеллар, минерал қўшимчалар ва витаминлар намойиш этилмоқда.

Тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида асосий эътибор аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар ва кексаларни ҳар томонлама қўллаб қувватлашга қаратилган. Ушбу хайрли ишлар кўлами “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида янада кенгайтирилди. Мазкур дастурнинг III бўлимида кўрсатилган чораларни бажариш доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳисобот даврида чораларнинг бутун бир мажмуаси амалга оширилди. Бунинг натижаси эса аҳоли саломатлигининг йилдан-йилга яхшиланишида яққол кўзга ташланмоқда.

Халқаро кўргазма ўз ишини 1 октябрга қадар давом эттиради.

 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1