5 июнь куни соат тахминан 16:00ларда Қибрай тумани Байтқўрғон ҳудудида жойлашган «Байтқўрғон темир бетон маҳсулотлари» МЧЖ биноси ҳудудида бахтсиз ҳодиса содир бўлган. Яъни девор қулаб, жамиятнинг 3 нафар ишчиси бетон ғиштлар тагида қолган.
Ички ишлар идораларидан берган маълумотга кўра, бу вақтда ишчилар завод ҳудудидаги ускуналар ўрнатилган бостирма (навес) остида пайвандлаш ишларини олиб бораётган бўлган.
Ҳодиса оқибатида уч нафар ходим – 47 ёшли М.М., 40 ёшли М.И. ва 43 ёшли Ю.Д.лар бетон ғишт бўлаклари остида қолиб, олган тан жароҳатлари билан воқеа жойида вафот этишган.
Марҳумларнинг барчаси Қибрай тумани фуқаролари бўлган.

Аниқланишича, қулаган деворнинг умумий узунлиги 95 метр, баландлиги 4 метр бўлган.

Ҳозирда туман прокуратураси томонидан ҳодиса юзасидан қонуний қарор қабул қилиш масаласи муҳокама қилинмоқда.






