1

«Сабру садоқат» сериали юртимиз телеканалларида намойиш этилади

МАДАНИЯТ 07.06.2020, 22:21
«Сабру садоқат» сериали юртимиз телеканалларида намойиш этилади

«Ўзбеккино» МА  «Сабру  садоқат»  деб номланган  беш қисмли сериални яратиш ва  намойиш этиш бўйича  махсус лойиҳани  амалга ошириш ташаббуси билан чиқди.  

Сериал Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад таваллудининг 100 йиллик  юбилейига  бағишлаб мамлакатимизнинг ўнта телеканалида эфирга узатилади. Бу ҳақда агентликнинг расмий каналида маълум қилинди.

Киносериал  1950-1955 йилларда ёзувчи ва унинг рафиқаси ҳаётида юз берган воқеаларга асосланган.  Ёш оиланинг ёрқин умидлар ва улкан режаларга тўла  бахтли ва беғубор ҳаёти бир онда остин-устун бўлиб кетади. Саид Аҳмад ҳибсга олинади.

Энди бош қаҳрамонларнинг ҳаёти қандай кечади, уларни қандай синовлар кутиб турибди, тақдир уларнинг муҳаббатини қандай синайди? Сериални томоша қилиб, бу саволларнинг барчасига жавоб топасиз.

«Аввалига «Саид билан Саида» фильмида, сўнгра “Сабру садоқат” сериалида акс этган воқеалар ҳақиқатдан ҳам Сталин қатағонининг оғир йилларида ота-онам — Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад ва шоира Саида Зуннунованинг ҳаётларида  юз берган. Фильмга отамнинг автобиографик қиссалари, ота-онамнинг бир-бирига йўллаган мактублари ҳамда онам,  шоира Саида Зуннунованинг кундаликлари асос қилиб олинган. Ота-онамнинг ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ барча қўлёзмалар, ҳужжат ва хатлар уй архивимизда авайлаб сақланмоқда.  

Отамнинг 100 йиллик юбилейига атаб «Ўзбеккино»да яратилган ушбу сериал Ўзбекистон телеканалларида намойиш этилишидан бағоят хурсандман» — деб изоҳ берди сценарий муаллифи, Саид Аҳмаднинг қизи Нодира Ҳусанхўжаева.  

«Саид билан Саида» фильми асосида яратилган сериал телетомошабинларни ўша тарихий даврга,  ижод ва илҳом муҳитига етаклайди. Севги, хиёнат, пушаймонлик, кечиримлилик, садоқат, эзгулик — томошабинлар фильм қаҳрамонлари билан бирга уларнинг кўнглидан ўтган барча кечинмаларни ҳис қиладилар.  

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Адиблар хиёбони»нинг очилиши чоғида мумтоз асарларни ўрганиш, уларнинг ҳаёти ва ижодий йўли ҳақида китоблар нашр этиш, фильмлар яратиш муҳимлигини таъкидлаб ўтди. Ушбу кўрсатмага мувофиқ Миллий агентлик томонидан “Сабру садоқат” телесериалининг тайёрланиши, ўзбек халқининг ёш авлодини тарбиялашдек муҳим вазифага ҳисса қўшаётганидан дарак беради.

Киносериал 8 июндан 12 июнгача юртимизнинг “Oʻzbekiston”, “Madaniyat va maʾrifat”, “Mahalla”, “Oʻzbekiston tarixi”, “ZOR TV, “MY5”, “Milliy TV”, “Uzbekistan-online.uz”, “Sevimli TV” (9-13 июнь),  телеканалларида, шунингдек 20 июнь куни  “Kinoteatr” телеканалида намойиш этилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1